Терроризмда айбланиб Индонезияда қўлга олинган Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси Шимолий Жакарта шаҳридаги тергов изоляторидаги бир нафар қўриқчини ўлдириб қочиб кетди. Бу ҳақда The Jakarta Post нашри хабар берди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, улар омборхонадан ўғирланган пичоқ билан соқчиларга ҳужум қилган. Қочиш чоғида иммиграция хизмати ходими ҳалок бўлган, яна уч нафари оғир яраланган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўша куниёқ икки қочоқни қўлга олишга муваффақ бўлган. Бироқ бир нафари қочиш пайтида дарёга сакраб, чўкиб кетган.

«Дастлабки сўроқда улар ўзбек консуллиги ходимлари келганидан кейин қочишни режалаштирганини аниқладик. Улар Ўзбекистонда оғир жазо кутаётгани учун депортация қилинишларини истамаган», — деди полиция вакили Асвин Сирегар.

Эслатиб ўтамиз, улар «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилотига алоқадорликда гумонлаб, қўлга олинганди. Фуқаролар ижтимоий тармоқларда террорчилик ташвиқотини тарқатганликда айбланган.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, уларнинг 3 нафари Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Сурияда фаол бўлган халқаро террор ташкилотининг бир қисмида бўлган. Бошқа бир гумонланувчи эса уларга молиявий ёрдам ҳамда сохта ҳужжатларни тақдим этиб келган. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, у ўзининг уч ҳамкасбига ёрдам кўрсатгани учун назоратга олинган.