Вашингтонда АҚШ Миллий демократия фонди қошида ўтган маслаҳатлашувда Cotton Campaign халқаро коалицияси аъзолари, мутахассислар, расмийлар ва дипломатлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш, ўзбек пахтасига нисбатан тўхтатилган глобал бойкот борасидаги вазиятни муҳокама қилди, дея ёзмоқда Америка овози нашри.

Учрашув давомида «15 йиллик курашдаги ютуқлар, хусусан, ҳукумат одамларни зўрлаб пахтага олиб чиқмаётгани, қишлоқ хўжалигидаги ишлар, меҳнат шароитини яхшилаш йўлида қабул қилинган қарорлар ва қонунлар, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик кенгайгани ва бошқалар салмоқли прогресс дея баҳолангани» билдирилди.

Cotton Campaign халқаро коалицияси асосчиларидан бири Беннетт Фриманнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев маъмуриятида мамлакат учун қандай ўзгаришлар ва ислоҳотлар зарурлигини биладиган мутахассислар анчагина, жумладан, вазирлар ва уларнинг муовинлари. Бироқ, унинг таҳлилича, охирги бир йилда, бойкот бекор қилинганидан буён, ҳукумат кутилганидек ҳаракат қилмаяпти.

«Биламизки, Ўзбекистонни бошқараётган одамлар давлат глобал иқтисодиёт билан уйғунлашишини, унинг муҳим қисмига айланишини истайди. Халқаро меҳнат меъёрларини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш — бирламчи вазифалар. Уларни эъзозлаймиз, деб сўздагина қутулиб кета олмайсиз. Хориждан бизнеслар сизга сармоя қилиши, сизга ишониши учун ҳали кўп ишлашингиз керак», — деди у.

Мазкур халқаро коалиция Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат масалалари вазирлиги билан ишлаган. Ўтган бир йил ичида бу органларда раҳбарлар янгиланган, айримлари шаклан ўзгарган. Шунингдек, Сенат раиси Танзила Нарбаева ва ҳозирда президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов билан яқиндан мулоқотда бўлган.

Беннетт Фриманнинг сўзларига кўра, Cotton Campaign Ўзбекистонда ислоҳотлар самара беришига ишонади, чунки бунга гувоҳ бўлган. Аммо бу — тинимсиз меҳнат ва кучли сиёсий ирода талаб қиладиган жараён, дея эслатди у.

«Республика катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши курашда намуна сифатида тилга олина бошлаган, аммо бу нуфуздан айрилиш осон, агар шу кунгача эришилган прогрессни сақлай олмаса, эркинлик ва адолат мезонларига бош эгилмаса. Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқлари ва умуман инсон ҳуқуқлари борасида жиддий қадамлар ташлаб, реал аҳволни яхшиламас экан, орзулар қоғозда қолаверади, режалар ва йўл хариталари сафсата», — деди Фриман.

Унинг таъкидлашича, халқаро меҳнат ташкилоти меъёрлари бўйича ҳаракат қилиш керак, бу борада ёрдамга тайёр томонлар, хусусан, ноҳукумат ташкилотлар ва фаоллар учун муҳитни осонлаштириш лозим.

«Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларга қайтиб, ўзи учун яратган тарихий имкониятни бой бермасин, деймиз. Мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатга қарши кураш тинмасин, муаммоларга эътибор берилсин», — дея қайд этди Фриман.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчиси Фурқат Сидиқов билан суҳбатлашган Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари, қийинчиликларга қарамасдан, умидга тўла эканини айтган. Сидиқов уларга Мирзиёев маъмурияти мажбурий меҳнатга тамоман барҳам беришга бел боғлаганини ва саъй-ҳаракатлар тўхтамаганини таъкидлаган.

«Ўзбекистон ҳукумати олдида икки йўл бор. Бири — репрессив тузум бўлиш. Иккинчиси — очилавериш ва ёш мамлакатга фаровон юртга айланиш учун имкониятларни бериш. Сармоя ва иш ўринлари керакми? Тошкент қай йўл маъқул эканини аллақачон билиши керак», — дея билдирди у.

Cotton Campaign коалицияси 2009 йилда Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни 2022 йилнинг мартида бекор қилганди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати бойкотни бекор қилиш қарорини олқишлаб, президент матбуот котиби бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмаслиги ва бундан буён ҳам қатъий давом этишини таъкидлаган, Сенат раиси эса буни «тарихий воқеа» деб атаган.