10 апрель куни тахминан соат 07:30 да Тошкент шаҳри Бектемир тумани, Олтинтопган кўчасида 2 та енгил автомобиль ва бир пиёда иштирокида ЙТҲ содир бўлди, дея хабар қилмоқда пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Аниқланишича, ҳайдовчи 1988 йилда туғилган Н.Р. Spark автомашинасини ишончнома орқали бошқариб кетаётиб, оралиқ масофани сақламай, йўл четида тўхтаб турган ҳайдовчи 1995 йилда туғилган Ж.Ғ.га тегишли Spark билан тўқнашиб кетган ва бошқарувни йўқотиб йўл четида ҳаракатланиб кетаётган пиёдани уриб юборган.

Оқибатда пиёда — 1983 йилда туғилган Г. Д. турли хил тан жароҳатлари, 2-даражали кома ҳолати ташхиси билан касалхонага олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 11 апрель куни соат 02:15 да вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.