Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни ёшлар сиёсатига бағишланган йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда глобаллашув шароитида «ёшлар тарбияси ва онгига таҳдидлар кучаяётгани» таъкидланди. 2022 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 86 та ноқонуний «виртуал ҳужралар» аниқланган. Булар фақат мамлакат ҳудудида ташкил этилганлари ҳисобланади.

Президент олийгоҳлар ректорлари талабалари дарсдан кейин нима билан шуғулланиши билан қизиқмаётгани, ижодий кечалар, спорт ўйинлари, маданий тадбирлар билан талабаларнинг бўш вақтини бойитмаётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан президент Маънавият ва маърифат маркази фаолияти ҳам тубдан ўзгариши шартлигини таъкидлади. Марказнинг бирорта интернет платформаси ёки ижтимоий тармоқларда лойиҳаси йўқлиги, ёшлар қизиқишларини инобатга олмай, қамрови ва таъсирчанлиги паст бўлган турли-туман анжуман ва давра суҳбатлари ўтказиш билан овора бўлиб қолгани танқид қилинди.

Шунингдек, йиғилишда бюджет ҳисобидан яратиладиган бадиий асарлар, мультфильм, сериал ва кинолар, саҳна асарлари хусусий сектор ва хорижий контентлар билан рақобат қила олиши зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларга соғлом фикр ва мотивация беришга қаратилган контентларни кўпайтириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ихтисослашган алоҳида телекўрсатувлар ташкил қилиш, хориждаги ёшларга кўмак бериш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу борадаги давлат сиёсатини самарали ташкил этиш учун «Янги Ўзбекистон ёшлари» дастурини ишлаб чиқиш ва қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджетидан Республика Маънавият ва маърифат марказига 63,2 миллиард сўм, 2023 йилда эса 65,7 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.