11 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мулоқот давомида товар айирбошлаш суръатларини таъминлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган биринчи галдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ишбилармонлари ва ҳудудлари даражасидаги амалий ҳамкорликни илгари суришда апрель ойининг охирида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига қаратилди.

Маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасидаги ҳамкорлик сермаҳсул бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан, дейилади хабарда.

Аввалги мулоқотда раҳбарлар иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилганди.