6 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Икки томонлама муносабатлар кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Товар айирбошлашнинг ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлаш, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарлари минтақавий шериклик масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар «Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг бир қатор долзарб масалаларини, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни» муҳокама қилган.

Бунгача Ўзбекистон ва Россия президентлари икки ҳафта олдин, 16 февраль куни телефон орқали мулоқот қилган эдилар.

Шу куни, 6 мартда Владимир Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Савдо-иқтисодий, жумладан, энергетика, транспорт, логистика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.