10 апрель куни президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-828] билан «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Бунгача истеъмол кредитлари фақат маҳаллий автомобиллар, маиший техника, товарлар ва хизматлар учун берилар эди. Эндиликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулот ва хизматлар учун кредит ажратишга рухсат берилди.

Қонун билан истеъмол товарлари (хизматлар)ни сотувчи ишлаб чиқариш корхонаси ёки ташкилотини истеъмол кредити олган истеъмолчи тўғрисида олдиндан ёзма равишда хабардор қилиш тартиби ҳам бекор қилинади.

Бундан ташқари, аввал жисмоний шахслар бошқа фуқаролардан иккиламчи бозорда автомашина сотиб олиш учун истеъмол кредити ололмагани боис, ўз хизматлари учун комиссия олган учинчи шахс сифатида юридик шахсни битимга киритишга мажбур бўларди.

Қонун билан энди молиявий истеъмол кредити бериш истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчининг ёки реализация қилувчи субъектнинг (юридик ва жисмоний шахснинг) банкдаги ҳисоб-варағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағлари ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Молиявий истеъмол кредитининг нақд пулда берилишига йўл қўйилмайди. Қонун 11 апрелдан эътиборан кучга киради.

Депутат Дониёр Ғаниев аввалроқ ушбу тузатишларнинг аҳамиятини тушунтирган эди. «Бу мантиқсиз чеклов бир томондан мамлакат аҳолисига танлов имкониятини чеклаш орқали ноқулайлик туғдирган бўлса, иккинчи томондан „маҳаллийлаштириш“ шиори остида маҳаллий монополларни қўллаб қувватлаш орқали аҳоли учун тақдим этилаётган товар ва хизматлар нархининг ошишига ва рақобатсиз муҳит шаклланишига хизмат қилиб келган», — деганди депутат.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ойида имзолаган фармонга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб фақат маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш учун истеъмол кредити бериш талабини бекор қилиш тўғрисида топшириқ берилган эди.

2020 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳам ушбу талабни 2021 йил октябригача олиб ташлашга қарор қилганди.

2020 йил июль ойида Монополияга қарши қўмита истеъмол кредитларини хорижда ишлаб чиқарилган товарларга, кредитнинг ўзини эса нақд ва хорижий валютада беришни таклиф қилган эди. Аммо бу ўзгартиришлар жамоатчилик муҳокамасидан кейин қабул қилинмади.

«Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси 2022 йил сентябрь ойида якунланган.