Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хитойлик ҳамкорлар билан Сирдарё вилоятида автомобиль заводи қуришни таклиф қилди. Давлат раҳбари 7 апрель куни Гулистонда бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгаши йиғилишида ушбу ташаббусни илгари сурди.

«Нимага Сирдарёда — Тошкентга яқин жойда машина ишлаб чиқарилмайди? Нимага? Хитойнинг яхши заводи пойдеворини қўяйлик-да, қанча кўп машина заводлари бўлса, авваламбор, нарх камаяди, сифат ўзгаради. Шуни қилсак бўладими — бўлади», — дея маълум қилди у («Ўзбекистон 24» телеканали лавхасига кўра).

Шунингдек, йиғилишда президент Сирдарё аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни эълон қилди.

Биринчиси, илғор инновациялар ҳудудида био-фармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электро-техника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 та йўналишидаги лойиҳаларига алоҳида имтиёзлар режими жорий қилинади. Унга кўра ер, мол-мулк, фойда ва айланма учун солиқлар ҳамда божхона божларидан 3 йилгача озод қилинади. Ер участкалари соддалашган тартибда ажратилади, ер ва биноларни сотиб олишда 5 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Шунингдек, Сирдарёда 500 млн долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон-Хитой биотехнологиялар кластери барпо этилади. Унда Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан бирга Гулистонда халқаро таълим ва тадқиқот университети, инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё геном маркази, онкологик касалликларни даволаш учун Ҳужайра терапияси маркази ташкил қилинади. Шунингдек, кластер томонидан замонавий диагностика қурилмалари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар учун дори воситалари ишлаб чиқарилади.

Бунинг учун 200 гектар ер ажратилиб, 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби ташкил этилади.

Иккинчиси. Вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда электротехника, био-фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Технопаркларга эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимининг соддалашган тизими жорий қилинади. Жорий йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда «Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси» ташкил этилади. Бу жамғарма Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молия ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 млрд доллар сармоя олиб келинади.

Учинчиси. Сирдарёда энг илғор агротехнологиялар жорий этилади. Хитойдан вилоят ҳокимига қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчилар, ирригация ва мелиорация тизимлари модернизациясига инвесторлар жалб қилинади.

Шунингдек, Хитой тажрибаси ёрдамида Сайхунободда қорамол ва паррандачилик эко-комплекслари, Мирзаободда интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади. Ховосда ўсимликлардан табиий бўёқлар ишлаб чиқариш қуввати, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки ташкил этилади. Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Тўртинчиси. Сирдарё мамлакатни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилади. Бунинг учун, Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мулти-модал логистика маркази қурилади.

Булардан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам Сирдарёдан бошланади.

Бешинчиси. Тиббиётдаги ислоҳотлар натижаси ва соҳадаги имкониятларга таяниб, Гулистон шаҳри мамлакатнинг «инновацион медицина хаби»га айлантирилади.

Булардан ташқари, хорижий инвестициялар жалб қилиб, Сирдарё вилоятини инновацион ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.