Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 10−14 апрель кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни атмосфера фронти ўтишида марказий ва шарқий ҳудудлар бўйича ёмғир ёғади, Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучаяди, баъзида эса 22−25 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +15…+20 даражани ташкил этади.

Сешанба кунидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 14 апрелда баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига келиб, +29…32 даражани ташкил этади, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +35…+37 даражагача бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларда 11−14 апрель кунлари шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларида 10−11 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.

10−11 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида 2000 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

Душанба куни Тошкент шаҳрида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, дўл ёғиши мумкин. Шамол ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади, момақалдироқ пайтида 12−17 м/с гача кучайиши мумкин. 11−14 апрелда ёғингарчилик кутилмайди.

Чоршанба кунидан бошлаб ҳаво жадал исий бошлайди. Душанба ва сешанба кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +16…+19 даража, жума кунига келиб, +30…32 даража атрофида бўлади.