Жаҳон банки «Ўзбекистонда инсон капитали ва сув инфратузилмасига давлат харажатлари самарадорлигини ошириш» ҳисоботи тақдимотини ўтказди.

Ҳужжатда соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, ирригация, сув таъминоти ва канализация соҳаларида давлат харажатлари ва муаммолар таҳлил қилинган. Ҳисобот Давлат статистика қўмитаси ва соҳа вазирликлари томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга асосланиб, 2015 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда тегишли тармоқлардаги тенденцияларни ёритиб беради.

Ушбу тадқиқот Ўзбекистон ҳукумати сўровига кўра тайёрланди, дейилади банк хабарида.

Ҳисоботда айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ-бюджет сиёсати ва давлат молиясини бошқаришда яхшиланишлар кузатилмоқда. Бунда тадқиқот кўпроқ фуқароларга янада сифатли ва қамраб олувчи давлат хизматларини кўрсатишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.

Аҳолига хизмат кўрсатувчи тегишли тармоқларда давлат харажатлари самарадорлигини, молиявий барқарорлигини ва натижадорлигини ошириш ҳисобига давлат хизматлари сифатини ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд, дейилади хабарда.

Ҳисоботдан олинган қуйидаги парчалар соғлиқни сақлаш, таълим, фаровонлик, ирригация, сув ва канализация соҳаларидаги баъзи муаммоларни умумлаштиради. Шунингдек, уларда маъруза муаллифларининг тавсиялари мавжуд бўлиб, уларнинг амалга оширилиши иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида давлат харажатлари самарадорлиги ва хизматлар сифатини ошириш имконини беради.

Соғлиқни сақлаш

2019 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига давлат харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,3 фоизни ташкил этди. Бу аҳоли жон бошига даромад даражаси ўртача бўлган мамлакатлар гуруҳининг қуйи қисмидаги (Ўзбекистон ҳам ушбу гуруҳда) мазкур секторга сарфланган харажатлар даражасига тўғри келади, лекин, барибир, бутун Европа ва Марказий Осиё минтақасидагидан (юқори даромадга эга мамлакатлар бундан мустасно) паст кўрсаткич ҳисобланади.

Ушбу соҳада сифатли хизматлар кўрсатишга таъсир қилувчи асосий муаммоларга қуйидагилар киради:

  • соғлиқни сақлаш хизматларига сарфланган харажатларнинг даража ва самарадорлигининг пастлиги;
  • ҳар бир ишчига тўланадиган иш ҳақининг пастлигига қарамасдан, ходимларнинг иш ҳақи ва мукофотларидаги давлат харажатларининг жуда юқори улуши;
  • шифохоналар фаолиятини молиялаштириш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини рағбатлантиришга қаратилган тегишли механизмларнинг мавжуд эмаслиги;
  • уй хўжаликлари чўнтакларидан сарфланадиган харажатларнинг катта қисми (барча харажатларнинг 60% дан ортиғи) соғлиқни сақлашни молиялаштиришга, шунингдек, давлат тиббий хизматлар етказиб берувчиларга расмий ва норасмий тўловларга йўналтирилади;
  • шифохоналарнинг тиббий ёрдам сифатига салбий таъсир кўрсатадиган даражада тармоқланиб кетиши;
  • кам таъминланган аҳоли орасида тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятининг йўқлиги;
  • аҳолининг дори воситалари билан етарли даражада қамраб олинмаганлиги.

Қисқа муддатда ушбу секторда давлат харажатларини яхшилаш учун Жаҳон банки қуйидаги давлат сиёсати чораларини тавсия қилади:

  1. соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг янги стратегиясини ишлаб чиқишни якунлаш, соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган ресурсларни таъминлаш;
  2. аҳолининг асосий тиббий хизматларга ҳаражатларини қисқартириш мақсадида янги стратегияда назарда тутилган соғлиқни сақлашга давлат бюджети харажатларини ошириш;
  3. тегишли тиббий хизматларни тўлаш ва режалаштириш функцияларини бирлаштирган стратегик харидлар агентлигини яратиш.

Узоқ муддатли истиқболда қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

  1. умуммиллий электрон соғлиқни сақлаш ва клиник ахборот тизимини яратиш;
  2. соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, кадрлар ресурслари, асбоб-ускуналар ва беморларга ёрдам кўрсатиш усулларини ривожлантиришнинг бош режасини ишлаб чиқиш;
  3. шартномалар тузиш шартларида ҳисобдорлик ва шаффофлик тизимини ишлаб чиқиш, ягона сифат стандартлари ва харидларни назорат қилиш механизмларини жорий этиш орқали соғлиқни сақлаш эҳтиёжлари учун стратегик харидлар жараёнларини такомиллаштириш;
  4. ҳудудий даражадаги шифохоналарни консолидация қилиши (бирлаштириш).

Таълим

Таълимга давлат харажатлари 2019 йилда ЯИМнинг 5,6 фоизини, 2021 йилда эса 6,2 фоизини ташкил этди. 2019 йилда умумий таълим харажатларининг энг катта қисмини давлат умумий ўрта таълимга (65 фоизга яқин), иккинчи ўринда мактабгача таълимга (21 фоиз), олий таълимга (10 фоиз) ва касб-ҳунар таълимига (4 фоиз) сарфлади.

Жаҳон банки экспертларининг фикрича, мамлакатда таълим сифатини ошириш керак. Айни пайтда Ўзбекистонда 18 ёшга тўлган талаба меҳнат унумдорлигининг атиги 62 фоизига эришади.

Шу билан бирга, ҳудудий миқёсда бир ўқувчига тўғри келадиган таълим харажатларида сезиларли фарқлар мавжуд. Масалан, Тошкентда умумий ўрта таълим тизимида бир ўқувчига 2,15 млн сўм тўғри келган бўлса, Навоийда 2019 йилда 72 фоизга ўсиб, 3,7 млн сўмни ташкил этган.

Қисқа муддатда ушбу секторда давлат харажатларини яхшилаш учун қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

  1. таълим сифатига, таълимдан тенг фойдаланиш имкониятига ва таълим тизимининг жамоатчилик олдидаги масъулиятига алоҳида эътибор қаратувчи чора-тадбирларни амалга ошириш;
  2. айни вақтда синовдан ўтказилаётган таълим сифатини умуммиллий тизимли баҳолашни жорий этиш;
  3. КОВИД-19 пандемияси даврида мактабларнинг ёпилиши ва уйда ўқиш туфайли йўқолган билимларни тиклаш стратегиясини амалга ошириш.

Узоқ муддатли истиқболда қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

  1. педагог кадрларнинг малакасини ошириш, таълимнинг барча босқичларида (мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим) педагог кадрларни жалб қилиш, ушлаб туриш ва ривожлантириш тизимини ислоҳ қилиш;
  2. таълимни жадал ривожланаётган иқтисодиёт эҳтиёжларига, шу жумладан, янада замонавий кўникма ва билимларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларга мос равишда ишлаб чиқиш ва уйғунлаштириш;
  3. ўқув дастурларини янгилаш ва такомиллаштиришга, ўқитувчилик маҳорати ва талабаларни баҳолашга алоҳида эътибор қаратиш;
  4. таълим тизимини институционал ўзгартириш стратегиясини амалга ошириш, унинг кўпроқ операцион автономияси, янада мақсадли молиялаштирилиши ва самарали бошқарувини таъминлаш.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кенг қамровли тизими мавжуд, бироқ унинг самарадорлиги давлат бюджети маблағларининг ноадекват сарфланиши (2019 йил ҳолатига кўра), статистик маълумотларнинг етарли эмаслиги ва тарқоқлик билан чекланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий ёрдамга сарфланган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизидан ҳам камроғини ташкил қилди (2019 йил), бу халқаро стандартлардан анча паст. Бу ижтимоий ёрдам учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш объектив эҳтиёжлар бўйича эмас, балки ҳудудий квоталар бўйича амалга оширилгани билан изоҳланади.

Жамоат ишлари каби фаол бандликка кўмаклашиш дастурлари мамлакатда нисбатан янги ҳодисадир. Уларни амалга ошириш учун бюджет жами харажатларининг арзимас улуши (ЯИМга нисбатан 0,085 фоизга яқин) ажратилган.

Ўсиб бораётган демографик юк мамлакат пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича шошилинч чоралар кўришни тақозо этмоқда. Шундай қилиб, пенсия харажатларининг улуши 2015 йилдаги ЯИМдаги 5,9 фоиздан 2018−2019 йилларда ЯИМнинг 4,8 фоизигача камайди. Бу меҳнатга лаёқатли аҳоли даромадлари ўсишига нисбатан пенсияларни индексациялашда кечикилаётганидан далолат беради, дея қайд этади Жаҳон банки.

Қисқа муддатда ушбу секторда давлат харажатларини яхшилаш учун қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

  • аҳолининг энг заиф қатламлари учун иш жойларидан фойдаланишни таъминлаш учун аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини молиялаштиришни кўпайтириш (масалан, заиф гуруҳлардан ишчиларни ёллайдиган корхоналар учун имтиёзлар бериш орқали);
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари тегишли вакилларининг ҳақиқий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда манзилли ёндашув асосида барча муҳтожларни қамраб олиш учун ижтимоий ёрдамни молиялаштиришни ошириш;
  • аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этувчи турли институтларнинг ролини ойдинлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш дастурлари самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш учун масъул органни тайинлаш;
  • шунингдек, пенсияларни индексация қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш.

Узоқ муддатли истиқболда қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

барча ижтимоий ҳимоя дастурлари амалга оширилишини ва уларнинг миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясига мувофиқлигини назорат қилувчи ихтисослаштирилган вазирлик ёки идорани ташкил этиш;

ижтимоий ҳимоянинг барча йўналишлари бўйича статистик маълумотларни ушбу соҳадаги давлат сиёсатидаги ўзгаришлар учун далиллар асосида тўплаш;

пенсия ёшини ошириш, пенсия ҳуқуқларини ҳисобга олишда янада мослашувчан ёндашувни қўллаш, шунингдек, пенсион молиялаштиришнинг солидар тизимини ислоҳ қилиш.

Ирригацияда сув ресурсларини бошқариш

Ўзбекистоннинг ирригация ва дренаж инфратузилмаси шошилинч модернизацияга муҳтож, дея маълум қилди Жаҳон банки. Мамлакатнинг деярли барча қишлоқ хўжалиги ирригацияга боғлиқ. Барча фойдаланиладиган сувнинг 90% суғорма деҳқончиликка сарфланади. Статистик маълумотларга кўра, мавжуд дренаж тизими майдонининг 75 фоизи реконструкцияга, сув насосларининг 70 фоизи капитал таъмирга муҳтож, магистраль каналларнинг барча инфратузилмасининг 66 фоизи фильтрацияга қарши қопламаларни талаб қилади.

Ушбу инфратузилма камчиликларини бартараф этиш, Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, сув инфратузилмасини ҳозирги хизмат кўрсатиш даражасида ушлаб туриш учун кейинги 10 йил ичида йилига 400 млн доллар сармоя талаб қилади. Шу билан бирга, тизимни модернизация қилиш тахминан бир хил миқдордаги инвестицияларни талаб қилади. Таққослаш учун, 2020 йилда ирригация ва дренаж учун жами капитал харажатлар атиги 200 млн долларни ташкил этди.

Ўзбекистонда суғориладиган деҳқончилик кўп жиҳатдан электр насосларига боғлиқ. Уларнинг аксарияти эса 30 йилдан ортиқ вақт олдин қурилган насос станциялари бўлиб, қишлоқ хўжалигида электр энергиясининг катта қисмини ва мамлакатда истеъмол қилинадиган электр энергиясининг қарийб 16 фоизини истеъмол қилади.

Қисқа муддатда ушбу соҳада давлат харажатларини яхшилаш мақсадида давлат сиёсатининг қуйидаги чора-тадбирларини амалга ошириш тавсия этилади:

  • ирригация ва дренаж тизимларини таъмирлаш ҳамда сақлаш учун давлат бюджети маблағларини кўпайтириш, шунингдек уларни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш дастурини жадаллаштириш учун капитал маблағларни ошириш;
  • сув насослари томонидан электр энергияси истеъмолини камайтиришга ёрдам берадиган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш (уларни камроқ энергия сарфлайдиган моделларга алмаштириш орқали);
  • фермерларни томчилатиб суғориш усулидан фойдаланишга ундайдиган дастурларни янада жорий этиш.

Узоқ муддатли истиқболда қуйидаги давлат сиёсати тавсия этилади:

тўлиқ қопланадиган сувдан фойдаланиш учун ҳар кубометр тарифларига ва сувдан фойдаланганлик учун тўловларни ундиришнинг юқори даражасига ўтиш;

қишлоқ жойларда электр энергияси билан таъминлашнинг муқобил манбаси сифатида суғориш каналларида микро- ва мини гидроэлектр станцияларидан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш, шу билан бирга, насослардан фақатгина гравитацион (оқим бўйлаб) суғориш техник ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмагандагина фойдаланиш.

Сув таъминоти ва санитария хизматлари

Миллий статистика маълумотларига кўра, аҳолининг қувурли сув тармоқларидан фойдаланиш даражаси нисбатан юқори (87%), аммо хавфсиз истеъмол учун яроқли сув оладиган уй хўжаликларининг улуши анча кам (69%). Асосан 40−50 йил муқаддам қурилган сув ва канализация инфратузилмаси ўз фаолиятини якунлаган ҳамда кенг қамровли реабилитация ва янгиланишни талаб қилмоқда.

Ушбу сектордаги давлат харажатлари, сўнгги йилларда сезиларли ўсишга қарамай, жадал ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун активларни алмаштириш, сув ва канализация тизимларини сақлаш ҳамда кенгайтириш талабларига жавоб бермайди.

Узлуксиз хизмат кўрсатишни таъминлаш кенг тарқалган ва жиддий муаммодир, чунки аксарият жойларда таъминот кунига 12 соатдан кам ишлайди. Қувурлардаги сув йўқотилиши 30−50% га етади. 2016 йилда 3,7 млн га яқин кишига (жами аҳолининг 12 фоизи) асосан йирик шаҳарларда марказлаштирилган канализация тизими орқали хизмат кўрсатилган. Оқава сувлар йиғилади, лекин одатда халқаро стандартларга мувофиқ тозаланмайди, деб қайд этади Жаҳон банки.

Ушбу соҳада давлат харажатлари самарадорлигини ошириш учун қуйидаги давлат сиёсати чора-тадбирлари тавсия этилади:

  1. сувдан самарали фойдаланиш учун молиявий имкониятлар ва рағбатлантиришни ҳисобга олган ҳолда тарифларни белгилаш, сув таъминоти ва канализация хизматларига тарифларни ҳар бир ҳудуд учун алоҳида белгилаш тизимини ишлаб чиқиш;
  2. сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатувчи коммунал хизматлар, назорат қилувчи органлар, шунингдек «Ўзсувтаъминот» салоҳиятини ошириш;
  3. юқорида қайд этилган коммунал корхоналарнинг кредитга лаёқатлилигига эришиш ва ушбу соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  4. коммунал хизматларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг фаолияти учун давлат субсидияларини босқичма-босқич бекор қилиш.