2023 йилда фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини кучайтирилади ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйилади. Тегишли чора-тадбирлар 2023 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган [ПФ-27-сон] давлат дастурида қайд этилган.

Бунинг учун «Рақамли маҳалла» марказини ташкил этиш ҳамда «Ижтимоий маҳалла» ахборот тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шунга кўра, маҳалладаги аҳоли ва тадбиркорларнинг мавжуд муаммо ва камчиликларини «хонадонбай» ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказилади. Унинг натижалари тегишли давлат органлари ва ташкилотларга юборилади ҳамда кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимига киритилади.

Қолаверса, «Темир дафтар»га киритилган оилалар ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга кўрсатилган ёрдам ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимига киритиб борилади.

Маҳаллаларнинг ҳудуди, майдони, инфратузилмаси, чегараси акс этган харитаси, хонадонларнинг жойлашуви, рақамлари ва кўча номларининг ягона базаси юритилади.

Бундан ташқари, «Ижтимоий маҳалла» ахборот тизими ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали 40 турдаги маълумотларнинг ягона базасини юритиш кўзланмоқда.

Бироқ ҳозирча мазкур режа қачондан амалга оширилиши маълум эмас. Фақат Тараққиёт стратегиясида юқоридагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2023 йилнинг апрель ойида тайёрланиши белгиланган.

Бош ижрочи — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги. Биргаликда иш олиб борувчилар — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳисобланади. Мазкур банд ижросини назорат қилиш эса бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга юклатилган.