Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ижтимоий тармоқларда тарбияланувчиларнинг «Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники» шиори остидаги тадбирга жалб қилингани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

«Мазкур видеода, МТТ ходими томонидан юртимизда Референдум доирасида ўтказилаётган ташвиқот тадбирларидан руҳланиб, тарбияланувчиларга тушунча беришга уринганлик ҳолатини кузатиш мумкин», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан республикадаги барча мактабгача таълим соҳасидаги ҳудуд вакилларига огоҳлантиришлар ҳамда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси лойиҳаси пропагандаси бўйича тарғибот гуруҳларини тузиш тўғрисидаги тўрт кун аввал имзолаган қарорини бекор қилгани эди.