Президент Шавкат Мирзиёев туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга унинг онаси вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга, барча яқинларига, қардош ва дўст Туркманистон халқига ҳамда оиласи учун катта йўқотиш бўлган ушбу мусибатли онларда ҳамдардлик туйғуларини изҳор этди.

«Меҳрибон ва азиз волидаи муҳтарамангиз — Огулабат Бердимуҳамедованинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабар қалбларимизни чуқур қайғу ва изтиробга солди. Огулабат эдже ўзининг ибратли ҳаёт йўли, чинакам меҳнатсеварлиги, одамларга меҳр-оқибати ва камтарлиги билан элу юртингизнинг улкан меҳру муҳаббатига сазовор бўлган мўътабар инсон эди», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам таъзия йўллади.