Бухоро ички ишлар органлари ходимлари ва шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутахассислари ўтказган тезкор тадбирда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, 1972 йилда туғилган Ю. Н. ўзи яшаб келаётган уйнинг ертўласида майнинг қурилмалари ўрнатиб, юқори кучланишли электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда фаолият кўрсатиб келган. Тадбир давомида жами 3 дона яроқли ва 1 дона яроқсиз майнинг қурилмаси ҳамда бошқа бутловчи электр жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

«Ўзэнергоинспекция» Бухоро вилоят ҳудудий бўлими ва Бухоро шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутахассисларининг хулосасига кўра, ушбу шахс 2022 йил 28 март кунидан 2023 йил 9 февраль кунига қадар умумий қиймати 63,5 минг кВт соат электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланган. Шаҳар электр тармоқлари корхонасига жами 93 млн 694 минг сўмлик моддий зарар етказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185/2-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.