Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг махсус хизматлари 2023 йилда Қирғизистонда аксилтеррор машғулотларини ўтказади, дея хабар беради ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) 7 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган ташкилот кенгашининг 39-йиғилиши якунлари бўйича.

Йиғилиш иштирокчилари жорий йилда ШҲТга аъзо давлатлар чегара хизматлари раҳбарларининг тўққизинчи учрашувини ўтказишга ҳам келишиб олдилар.

Бундан ташқари, иштирокчилар интернетдан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича биринчи қўшма ахборот операциясини ўтказишга қарор қилдилар, дейилади хабарда.

Йиғилишда ШҲТ МАТТ ва МДҲга аъзо давлатларнинг Антитеррор маркази ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаси ҳам маъқулланди.

Ҳозир ташкилотга Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси ўринбосари Нургали Билисбеков раислик қилмоқда.

У ўз нутқида ШҲТ минтақасида террорчилик билан боғлиқ вазият мураккаб ва динамик бўлиб қолаётганини таъкидлади.

У ички ва ташқи сиёсатнинг жиддий қуролига айланган ахборот урушларининг таъсири кучайиб бораётганини қайд этди. «Терроризм, сепаратизм, экстремизм таҳдидлари динлараро омиллар билан бир қаторда миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви билан тўлдирилмоқда», — деб ҳисоблайди МХҚ раиси ўринбосари.

«Шундай қилиб, ШҲТ маконида минтақавий хавфсизликни таъминлаш самарадорлиги бевосита «уч ёвузлик»нинг янги гибрид кўринишларига (терроризм, экстремизм, сепаратизм — таҳр.) фаол жавоб беришга боғлиқ. Шу боис ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ошириш муҳим аҳамиятга эга», — дея қўшимча қилди Билисбеков.