Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали ўтадиган янги темирйўл юк етказиш тезлигини 7 кунга оширади. Бу ҳақда 6 апрель куни Қирғизистон Транспорт вазирлиги вакили Нурмат Мусабеков «Биринчи радио»га берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда Tazabek портали.

«Хитой-Ўзбекистон темирйўлини қуриш заруриятининг сабабларидан бири Сариқ денгизнинг йирик портларига чиқишдир», — деди вазирлик вакили. Унинг сўзларига кўра, ушбу портларга Япония ва Хитойдан йирик юклар келади, сўнгра улар бутун дунё бўйлаб тарқатилади.

«Бугунги кунда Европага товарлар шимолий порт деб аталадиган порт орқали ташилади. Жанубий Осиёдан юкларни ташиш ҳозирда фақат битта йўналиш — Россия ва Қозоғистон ўртасидаги „Хоргос“ назорат пункти орқали темирйўл билан амалга оширилмоқда. Биз таклиф қилаётган маршрут транспорт ҳаракатини 7 кунга тежайди. „Вақт — пул“, деганларидек, биз вақтни тежаймиз», — дея изоҳ берди Мусабеков.

Унинг фикрича, ушбу темирйўл қурилиши жаҳон савдосида катта ўрин тутади ва нафақат Ўзбекистон, Хитой, Қирғизистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам фойдали бўлади.

2022 йилда Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон ўртасида узунлиги 280 км бўлган Торугарт-Арпа-Қўш-Добо-Макмал — Жалолобод йўналишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланганди.