Франция президенти Эммануэль Макрон 6 апрель куни Пекинга ташрифи чоғида Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Россия президенти Владимир Путинга ўз таъсиридан фойдаланишга ва Украинадаги урушни тугатишга ёрдам беришга чақирди, дея хабар қилимоқда BBC.

«Россияни ўзига келтириш ва барчани музокаралар столига қайтариш учун сизга ишонишим мумкинлигини биламан», — деди Эммануэль Макрон Си Цзиньпинга.

Бунга жавобан Хитой раҳбари томонлар имкон қадар тезроқ тинчлик музокараларини ўтказишига умид билдирди. Хитой ва Франция дунё тинчлигини ҳимоя қилиш учун «қобилияти ҳам, масъулияти ҳам» бор, деди у.

«Синьхуа» ахборот агентлигининг Си Цзиньпин сўзларидан иқтибос келтиришича, Хитой Франция билан биргаликда халқаро ҳамжамиятни вазминликни сақлаш ва инқирозни кучайтириши ёки ҳатто уни назоратдан чиқариб юбориши мумкин бўлган ҳаракатлардан қочиш; халқаро гуманитар ҳуқуққа қатъий риоя қилиш, тинч аҳолига ёки фуқаролик объектларига ҳужум қилишдан қочиш, аёллар, болалар ва бошқа можаро қурбонларини ҳимоя қилиш; ядро қуролидан фойдаланмаслик, атом электр станцияларига қуролли ҳужумларга қарши туриш, тинчлик музокараларини имкон қадар тезроқ қайта тиклаш, БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига риоя қилиш, сиёсий жиҳатдан тартибга солиш, Европада мувозанатли, самарали ва барқарор хавфсизлик архитектурасини шакллантириш, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан уруш келтириб чиқарган оқибатларни бартараф этиш ва унинг дунёга, айниқса ривожланаётган давлатларга салбий таъсирини қисқартиришга ҳаракат қилишга чақиришга тайёр.

европа иттифоқи, франция, хитой

Франция президенти сешанба куни Пекинга келган эди. Эммануэл Макроннинг Хитой раҳбарияти билан музокараларда иштирок этиш таклифига биноан унга чоршанба куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен қўшилди.

Эммануэль Макрон Си Цзиньпин билан ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказди. Хитой ва Франция расмийлари суҳбатни «самимий» ва «дўстона» деб баҳоладилар.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Хитой ТИВ Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича мамлакат позициясини эълон қилган эди. Унда «совуқ уруш тафаккуридан воз кечиш» ва барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш зарурлиги, шунингдек, ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида сўз боради.

Франция раҳбари билан қўшма матбуот анжумани чоғида Хитой раҳбари Франция президенти ва Еврокомиссия раҳбарининг Хитойга бир вақтнинг ўзида амалга оширган ташрифи Европа Иттифоқининг Хитой билан муносабатларни ривожлантиришга ҳамда томонларнинг умумий манфаатларини илгари суришга бўлган ижобий интилишидан далолат беришини таъкидлади.

«Узоқ давом этган Украина инқирози, беқарор глобал иқтисодий тикланиш, молиявий бозорнинг беқарорлиги ва ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган қийинчиликлар кучайиб бораётган мураккаб ҳамда беқарор дунёда Хитой ва Европа Иттифоқи мулоқот ва ҳамкорликка содиқ қолишлари, дунё тинчлиги ва барқарорлигини сақлаш, умумий ҳамкорликни ривожлантириш, тараққиёт ва фаровонлик, инсоният тараққиётига кўмаклашиш ҳамда глобал чақириқларга биргаликда жавоб беришга интилишлари керак», — дея Си Цзиньпиннинг сўзларидан иқтибос келтирган «Синьхуа» агентлиги.

Эммануэл Макроннинг айтишича, Украина ишғол остида қолар экан, «биз хавфсиз ва барқарор Европага эга бўла олмаймиз». У БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ушбу ташкилот низомини бузаётган вазиятни қабул қилиб бўлмас деб атади.

европа иттифоқи, франция, хитой

Кейинчалик, алоҳида матбуот анжуманида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лейен ҳам бир нечта баёнотлар берди. У «Хитой адолатли тинчлик ўрнатишга ёрдам берадиган роль ўйнашига», яъни Киев ўзининг босиб олинган ҳудудлари устидан назоратни қайтариб оладиган уруш натижасига умид билдирди.

Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия қўшинларининг тўлиқ олиб чиқилишини талаб қилувчи тинчлик режасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди. Унинг қўшимча қилишича, агар Пекин Россияга қурол етказиб берса, бу халқаро ҳуқуқни бузган бўлади ва Европа Иттифоқи-Хитой муносабатларига «сезиларли даражада путур етказади».

Урсула фон дер Лейеннинг сўзларига кўра, Си Цзиньпин билан суҳбати чоғида у Владимир Зеленский билан «бунинг учун шароит ва вақт мос келганда» гаплашишга «тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаган».