Элликқалъа туманида каналдан сув чиқиши оқибатида 8 гектар далани сув босган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа 6 апрель куни Элликқалъа туманидаги «Қирққиз» хўжаликлараро каналининг 222-пикети дамбасидан сув чиқиши оқибатида келиб чиққан. Шу сабаб «Гулистон» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Қизилқум булоғи» фермер хўжалигининг 8 гектар дала майдонини сув босган.

Ҳолатни бартараф қилиш бўйича туман ирригация бўлими томонидан каналга сув бериш қисми ёпилиб, сув чиққан қисми техникалар ёрдамида кўмилган.

Дастлабки ўрганишларда, мазкур ҳудуддаги фермер каналга (лойиҳада кўрсатилмаган) ўзбошимчалик билан сув олиш трубасини ўрнатгани ва ўша трубалар қўйилган қисимдан сув сизиб чиқиши натижасида канал қирғоғи емирилиб сув чиққани айтилмоқда.

«Ҳолат назорат қилувчи органлар томонидан батафсил ўрганилгач каналдан сув чиқишига нима сабаб бўлгани янада аниқ бўлишини маълум қиламиз», — дейилади вазирлик каналида.