5 апрель куни 2023−2026 йилларда Ўзбекистон таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитаси тасдиқланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда маълум қилинишича, мазкур ҳужжат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик (GPE), ЮНИСEФ ҳамда миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Шу вақтга қадар таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ўртасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўлмагани боис йўл харитасини ишлаб чиқишга зарурият туғилган. Эндиликда мазкур йўл харитаси 54 та ҳамкор ташкилотни бирлаштириб, таълим секторидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун аниқ дастур ўрнини таъминлайди. Ушбу ҳужжат этика, виждон, коррупцияга қарши кураш, адолат ва инсон ҳуқуқларини амалга ошириш тамойилларига асосланади.

Тақдимот маросимида ҳамкор ташкилотлар йўл харитасини тадбиқ этиш бўйича мажбуриятларини, жумладан, кейинги 3 йил давомида таълим соҳасини такомиллаштиришга 580 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилишни тасдиқлади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақуловнинг айтишича, йўл харитаси уч ой давомида ишлаб чиқилган. Мазкур жараёнда Ўзбекистондаги деярли барча халқаро ташкилотлар ва мамлакатдаги ўнлаб вазирликлар раҳбарияти бевосита иштирок этган.

«Халқаро ташкилотлар билан бирга ишлаб чиқилган мазкур йўл харитаси Марказий Осиёда биринчиси ҳисобланади. Бу жараёнда ҳамманинг овози тингланди: ўқувчилар, ўқитувчилар, вазирликлар ва халқаро ҳамкорлар ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди», — деди вазирлик вакили.

unicef, usaid, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, таълим бўйича йўл харитаси

Лазиз Хўжақулов.

Унинг айтишича, йўл харитаси асосида мактабларни қайта қуриш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва педагог кадрлар тайёрлаш, ўқувчилар билимини баҳолашнинг адолатли ва холис тизимини ишлаб чиқиш, таълим тизимидаги бошқарувга эътибор қаратиш, яъни мактаб директоридан то вазирлик ходимигача бўлган бошқарув кадрларининг салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.

«2023−2026 йилларда ҳар бир мактабда қуёш панелларини ўрнатиш, ўқувчилар учун санитар техник шароитлар яратиш шарт қилиб белгиланмоқда», — деди Лазиз Хўжақулов.

Унинг сўзларига кўра, Ислом тараққиёт банки мактаблар қурилиши учун 160 миллион доллар ажратишни, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик (GPE) ташкилоти эса 40 миллион доллар грант беришини маълум қилган.

«Ҳозирги кунда бизга умумий 280 миллион доллар маблағ таклиф қилинди. Бу пулларни йўналишлар бўйича сарафлаб, натижасини кўрсатганимиз сари халқаро молиявий кўмаклар ортиб бораверади. Ҳукумат ва вазирлик нуқати назаридан қанчалик ишончли ҳамкор сифатида кўрсата олсак, халқаро ҳамкорлар бизга шунча инвестиция киритади. Халқаро ташкилотлар томонидан таълимга берилаётган молиявий кўмак: грант ва инвестициялар айнан шу йўл харитасида белгиланган мақсадларга йўналтирилади. Қисқаси, 2026 йилга қадар тазимдаги қайси нуқталарга маблағ сарфланишини ва бу натижада бизга нима беришини аниқ белгилайдиган тизим яратилди», — деди вазирлик вакили.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередитнинг қайд этишича, USAID бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини қўллаб-қувватлашидан фахрланади.

unicef, usaid, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, таълим бўйича йўл харитаси

Микаэла Мередит.

«Йўл харитасига сармоя киритиш АҚШ ҳукуматининг устувор вазифаси ҳисобланади. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва ҳамкорлар билан сифатли ва тенг ҳуқуқли таълимни таъминлаш, қашшоқликни камайтириш, саломатлик, тинчлик, фаровонлик, барқарорликни яхшилаш муҳим эканини тушунамиз», — деди у.

Унинг маълум қилишича, USAID 2019 йилда биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати билан таълим соҳасини ривожлантириш мақсадида шартнома имзолаган.

«Шартнома доирасида 55 млн доллар маблағ ажратилиши режа қилинган. Шу кунгача бу маблағнинг 35 млн долларини ажратдик. Бу сумма 2 та муҳим ташаббус учун йўналтирилди. Биринчиси — ўқувчиларнинг IT, инглиз тили, ўқиш ва математика кўникмаларини яхшилаш учун ишлатилди. Иккинчиси эса 10 млн долларлик лойиҳа бўлиб, ўқувчиларни мактабни тамомлаганидан сўнг, иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Бу лойиҳамиз асосан, қизларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга йўналтиришга қаратилган», — деди Микаэла Мередит.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг айтишича, мазкур йўл харитаси нима қилиш кераклиги ҳақидаги декларация эмас. Унда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ кўрсаткичлар қайд этилган.

unicef, usaid, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, таълим бўйича йўл харитаси

Мунир Мамедзаде.

«Хусусан, таълим муассасаларига сармоя киритиш, мактаб ва боғчалар қурилишини амалга ошириш ҳамда мавжуд инфратузилмани яхшилаш нуқтаи назаридан инфратузилма эҳтиёжларини белгилаб беради. Мамлакатда таъмирлатаб мактаб ва боғчалар кўплигини биламиз. Болалар бугунги меҳнат бозорида талаб қилинадиган кўникмаларни эгаллаши учун шароитлар, жумладан, компьютер техникаси, лаборатория жиҳозлари етишмайди. Булар кўпроқ инфратузилмавий характерга эга. Биламизки, ногиронлиги бўлган болалар умумий таълим тизимидан узилиб қолган. Ушбу қўшма ташаббуслар орқали биз соҳада тараққиётга эриша оламиз», — деди ЮНИСEФ вакили.

Унинг қайд этишича, йўл харитаси ҳамкорлари ҳисобланган халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда таълим тизими бир кечада Финляндия, Франция ёки бошқа мамлакатдагидек бўлиб қолишини кутмаяпти.

«Ривожланиш — босқичма-босқич кечадиган жараён. Аммо 2030 ёки 2050 йилларни кутиб ўтиришимиз ҳам шарт эмас. Бу эса ишларни бугун бошлаш кераклигини англатади. Кўплаб ташаббуслар бошланиб ҳам бўлди. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, таълим ва дарсликларни такомиллаштириш билан боғлиқ компонентлар мавжуд. Ва, энг муҳими, мактабларга ҳам кўпроқ мустақиллик бериш, ўзини ўзи бошқариш моделларини ишлаб чиқиш керак, деб ҳисоблаймиз. Биз фақатгина белгиланган барча йўналишлар устида самарали ишлаш орқали кутган нарсамизга эришимиз мумкин», — деди у.

Материални Миролим Исажонов тайёрлади, тасвирчи ва монтажчи Маъмуржон Обраҳматов, расмлар муаллифи Евгений Сорочин.