22 апрель — Ер кунида Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Глобал экология фонди Кичик грантлар дастури Ўзбекистонда оммавий югуриш мусобақасини ташкил этади.

Пойга ташкилотчиларининг асосий мақсади автомобилдан камроқ фойдаланиш, пиёда, шунингдек, жамоат транспортида кўпроқ ҳаракатланишни тарғиб этишдан иборат.

«Имкони бўлса, дўкон, бозор ёки ишга пиёда боринг, югуринг. 2−3−4 км — бу каби масофалардан қўрқмаслик керак. Бу ростакамига кичик масофа. Агар шундай қилишни бошласангиз, соғлиғингиз қандай яхшиланиб бораётганини сезасиз. Биз кундалик ҳаётда жуда кўп ва тез-тез машиналарга мурожаат этамиз, камроқ ҳаракат қиламиз, камроқ юрамиз, камроқ югурамиз. Аммо югуриш, юриш жуда фойдали ва қизиқарли», — деди Глобал экология фонди Кичик грантлар дастурининг миллий мувофиқлаштирувчиси Алексей Волков «Газета.uz»га.

Тадбир Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Балгали қишлоғида бўлиб ўтади. Пойга бошланиши тепаликда, йўлдан унчалик узоқ бўлмаган жойда бўлади.

Ер куни, пойга, югуриш мусобақаси

Пойгада икки хил масофа бўйича (7 ва 21 км) 10 ёшдан 90 ёшгача бўлган ҳар бир киши иштирок этиши мумкин. 2022 йилда камида битта 21 километрлик масофани босиб ўтганларгина 21 км масофага югуришда қатнаша олади. Ташкилотчилар иштирокчига максимал масофагача югуришига йўл қўймаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. 16 ёшгача бўлган болалар фақат 7 км масофага югуришда қатнашишлари мумкин (агар йўл давомида уларга масъул катталар билан бирга бўлса).

Барча иштирокчилар пойгада қатнашиш учун тўловни амалга ошириши керак, улардан йиғилган пуллар хайрия жамғармаларига ўтказилади. Бу йил маблағлар ҳайвонлар учун озиқ-овқат ва уларни даволаш харажатларига сарф этилади.

Пойгада рўйхатдан ўтган ва кириш тўловини тўлаган дастлабки 99 киши иштирок этиши мумкин. Иштирокчилар бу ерда рўйхатдан ўтади.

Иштирокчиларнинг тўпланиши соат 14:00 да, пойга эса 16:00 да бошланади.

Ташкилотчилар мусобақадан олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш учун #EARTHRUN2023 махсус тегини танлади.

Ер куни 1970 йилдан бери БМТ томонидан 22 апрелда ўтказиб келинаётган бир қатор халқаро тадбирлар бўлиб, одамларни сайёранинг ҳимоясиз муҳитидан хабардор бўлишга ундайди.