Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб қурилиш бошланишидан олдин танланган ер участкаларида муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди.

Қарор сўнгги ойларда дунёда ва Марказий Осиё минтақасида сейсмик фаоллик кузатилаётгани сабабли қабул қилинди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, кўприк, тоннел, кўп қаватли бинолар каби сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотларни қуриш фақат Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида «А» ва «Б» тоифага эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.

Йиғилиш давомида темир-бетон ишлаб чиқарувчи 3 мингга яқин корхонанинг ярмида лаборатория йўқлиги айтилди. Президент уйлар сифатига таъсир этувчи асосий омил айнан бетон эканлигини таъкидлаб, ушбу корхоналарнинг барчасида замонавий лабораториялар ташкил этиш вазифасини қўйди.

Таъкидланишича, 2022 йили уй-жой қурилишида темир-бетон, девор конструкциялари ва пайвандлаш ишлари сифатсизлиги бўйича 1 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган.

Давлат раҳбари дренаж тизимидаги муаммоларга ҳам тўхталиб, ёғингарчилик тизимнинг ёмон аҳволга келиб қолганини яққол кўрсатаётгани таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига икки ҳафта муддатда ушбу масаланинг ечими бўйича дастур қабул қилиш ва амалга оширишни топширди.