Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда юқори технологиялар, сунъий интеллект, рақамлаштириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари, ҳудудларнинг савдо-инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, бошқарувда профессионал кадрларни ва дастурчиларни тайёрлаш, электрон ҳукуматни жорий қилиш йўналишларида ва бошқа соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

муҳаммад бин абдуллоҳ ал-гаргавий, «Дўстлик» ордени

Учрашув сўнгида Ўзбекистон президенти томонидан жорий дастурларни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни тайёрлашни назарда тутувчи «йўл харитаси»ни янгилаш юзасидан топшириқлар берилди.

Якунда вазир ал-Гаргавийга Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун «Дўстлик» ордени топширилди.