Ўзбекистоннинг икки вилоятида дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Қарши шаҳридаги «Табассум» маҳалласида номаълум шахслар 30 туп манзарали дарахт — можевенник, мажнунтол, тут, қайрағоч, элдор қарағайини кесиб ташланган.

Фото: Қашқадарё вилояти бошқармаси

Мазкур ҳолат бўйича ўсимлик дунёсига 151 миллион 650 минг сўм зарар етказилган. Расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қашқадарё вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

29 март куни Telegram`даги Ekologuz каналида Тошкент вилояти Саксон ота ўрмон хўжалиги Чотқол ўрмон бўлимига қарашли 4 гектар майдонга экилган хандон писта кўчатлари кесиб ташлангани маълум қилинган. Канал хандон писта минг йиллик мевали дарахтлиги ва секин ўсишини, суратдаги дарахтлар эса кичик кўрингани билан камида 6 ёшлиги ҳақида ёзган.

Фото: t.me/ekologuz

1 апрель куни Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вазиятни ўрганиб, Чирчиқ шаҳрида яшовчи С.А. 48 туп турли ўлчамдаги хандон писта дарахтини ўтин қилиш мақсадида кесиб ташлаганини аниқлади.

Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисмига асосан жарима ҳамда табиатга келтирилган зарар ҳисоб-китоб қилинган. Ундириш ишлари амалга оширилмоқда.