Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш учун 55 та участка тузилмоқда.

«Дунё» ахборот агентлиги хорижий давлатларда жойлашган участкалар манзиллари акс эттирилган интерактив харитани ишга туширди.

Ўзбекистоннинг ўзида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округи ташкил этилмоқда. Хориждаги референдум участкалари Тошкентдаги 14-округга бириктирилган.

Референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларида жами 266 киши иш олиб боради.

2021 йилги президентлик сайловларида бўлгани каби фуқароларга ўз участкасини аниқлаш ва уни ўзгартиришда интерактив хизмат кўрсатилади. У Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилади.

Референдум 30 апрель куни бўлиб ўтади. Муддатидан аввал овоз бериш 19−26 апрель кунларига белгиланган.