Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 апрелдаги қарори билан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида иккита илмий таълим муассасалари ташкил этилди.

Ҳужжатга кўра, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, шунингдек, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби негизида эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ташкил этилди.

Илмий-таълим муассасалари иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар ижросини самарали амалга оширишда илмий ёндашувлар ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилгани қайд этилди.

Институт таркибида ҳудудларда ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлашга йўналтирилган юридик шахс бўлмаган «Ер ислоҳотлари маркази» ташкил этилади.

Олий мактаб тузилмасида эса юридик шахс бўлмаган «Яшил иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш» лойиҳа офиси ҳамда Бизнес инкубатор ва стартап лойиҳалар билан ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилади.