Тошкентда бир гуруҳ ёшлар «Аёл буюм эмас» номи остида хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича ижтимоий лойиҳани бошлаб юборишди. Улар асосан аёлларни қўллаб-қувватловчи ва зўравонликка чек қўйишга чорловчи плакатларни кўтариб, уни ижтимоий тармоқларга жойламоқда.

Лойиҳа иштирокчиларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу ҳаракатга Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйининг уч нафар тарбияланувчиси бир қанча мансабдорлар томонидан мунтазам равишда зўрланиб келингани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.

Маржона Хидирова

— Биз зўравонликка қарши курашишни, хавфсиз жамиятни хоҳлаймиз. Битта одамнинг шунчаки нафсини қондириши учун битта тақдирни барбод қилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бу ҳолат ўтакетган жирканчлик.

Муштарий Оқбоева

— Хоразмдаги болалар уйи воқеаси ошкор бўлгач, бу ҳамма тармоқларда жуда кенг муҳокама қилинди. Вояга етмаган қизларнинг аҳволига деярли ҳамма ачинди. Аммо, бу ҳам вақтинчалик активлик, яқин орада бошқа мавзу ўртага чиққач, бу яна эсдан чиқади. Шундан сўнг хотин-қизларга нисбатан зўравонликдан «жаҳли чиқаётган»ларни тўпладик ва «нимадир қилиш» учун ҳаракатни бошладик. Ҳаракатсизликдан кўра, ҳарна-да.

Аслида ишни ўша хоразмлик қизлар билан жинсий алоқа қилган адлия ва ФВБ ходимининг расми ва қилмишини бутун шаҳар бўйлаб деворларга ёпиштириб чиқишдан бошламоқчи эдик. Аммо улардан бирининг расмини ҳеч қаердан топа олмадик. Қолаверса, бу иш уларнинг фарзандларига ёмон таъсир қилиши мумкинлигини ўйлаб, бу қароримизни ўзгартирдик.

Дилшода Шомирзаева

— Олдин ҳам бундай воқеа бўлмаганмиди? Йўқ, албатта, кўп кузатилган, бу ҳақда хабарлар ҳам берганмиз, ўрганганмиз.

Гап яна бир зўравонликнинг содир этилганида, мансабдор шахснинг бу жирканч ишга қўл урганида эмас, балки уларнинг қўрқмай, такрорий равишда қизларнинг номусига текканида, бошқа ташкилотлар бунга кўз юмганида, ишни ёпди-ёпди қилмоқчи бўлганида. Энг сўнггида адолат ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифаси ҳисобланган судьянинг адолатсиз ҳукмида… Гап мана шуларда.

Тизимда тизимли муаммолар жуда кўп, улар халқ, одамлар учун ишламаган, ишламаяпти ва ишлашидан умидвор бўлмаяпмиз. Биз шундан қўрқиб боряпмиз, даҳшатга тушяпмиз.

Биз Ўзбекистондаги бошқа қизлар ва аёлларнинг зўравонликка учрашини истамаймиз, давлат уларни ҳимоя қилолмас экан, бизга ўхшаган гуруҳлар шу ишни қилиши керак. Давлат ўз вазифасини эплолмас экан, одил ҳукм ўқий олмас экан, фаолларнинг ўзи ҳаракатга тушиши лозим. Шунинг учун биз шу гуруҳни очдик, плакат кўтардик.

Келгусида лойиҳани ривожлантириш, хоразмлик қизларга ўхшаш ҳолатга тушган ёки арафасида бўлганларга ёрдам беришни ният қилдик. Биз ёшмиз, тажрибамиз ҳам йўқдир, лекин биз эзгулик ва адолат йўлидамиз.

Сарвиноз Толибаева

— Яқинда мен билан хунук ҳолат содир бўлди. Йўлда бир бола рус тилида «Ўпишасанми?» деб бақириб ўтиб кетди. Бир оғиз гапиролмадим, эшитмагандек орқамга қарамай кетдим. Зўравонлик фақат жисмга эмас, руҳиятга ҳам қилинади. Ва жамиятда руҳан зўравонликка учраётган миллонлаб қизлар бор. Автобус, метрода бунақа ҳолатлар кўп содир бўлади. Ҳеч бири овозини чиқариб бу ҳақда гапиравермайди…

Қизлар йигитлар билан тенг, бунга шубҳам йўқ. У ожиза эмас. У қарам бўлиши керак эмас. Молиявий эркин бўлишлари керак. Бу лойиҳадан мақсадим, қизларнинг орзуларини кенгайтириш, унга етказилган зўравонликни ҳар қандай кўриниши ҳақида бор овози билан гапира олишини хоҳлайман.

Гулоро Юсупова

— Лойиҳамиз мақсади аёл ва қизларда зўравонликка қарши реакция шаклланишида ёрдам беришдан иборат. Кейинги режаларимиздан бу борада бир қанча мутахассислар (психолог, хотин-қизлар масалалари бўйича фаоллар, шифокор, ҳуқуқшунос) билан суҳбат қилиш, аёллар ўз-ўзини зўравонликнинг турли усулларидан максимал даражада ҳимояланишига хизмат қилувчи контентлар яратиш ўрин олган.

Малика Норбоева

— Ҳақдан қўрқмай аёллар ва қизларни зўрлайдиган кимсаларни қонун жазоласин. Инсон қадр-қиммати учун ёзилган шунча қонун кимга хизмат қилмоқда ўзи? Биз бундай шахсларни озодликда юришини хоҳламаймиз. Уларга нисбатан қонунчиликка оғирроқ жазо киритилишини истаймиз.

Шунингдек, бу борада яна бир савол жавобсиз қолмоқда. Аёллар кўча-кўйда, уйда ёки жамоат жойида тазйиққа ёки зўравонликка учраса, аввало кимга мурожаат қилиши керак? Ким унга тезкор жавоб қайтара олади?

«Газета.uz» суҳбатдошларининг ишонтиришича, лойиҳа фақат зўравонлик ҳолати юз бергандагина плакат ва хабарлар чиқариш билан чекланмайди. Шунингдек, ҳозирча ушбу ҳаракатлар фақатгина интернетга кира оладиган, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи қизлар учун қилиняпти. Уларнинг иши оммалашса ва етарлича ресурс йиғилса, уни кўча-кўйда ҳам намойиш қилишни режалаштирмоқда.