Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида 20−21 май кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган «Zhara» (ЖАРА) рус мусиқа фестивали бошқа вақтга кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда яқин кунларда батафсил маълумотлар берилишини таъкидлаб, концерт ташкилотчилари «Газета.uz»га маълум қилди.

жара

Фестивални бойкот қилиш учун плакат. Манба: Mirzo Zominiy / Telegram.

29 март куни блогер Мирзаёр Эркинов «Кремль томонидан қўллаб-қувватланган ва Кремлни қўллаб-қувватловчи Z-артистлар» иштирок этгани учун тадбирни бойкот қилишга чақирди.

iTicket.uz чипта сотувчи платформаси тадбирни бойкот қилиш ҳақидаги илк манбалардан сўнг, 31 март куни фестиваль бўлиб ўтишини маълум қилди.

Бироқ, 3 апрелдан бошлаб фестиваль саҳифаси чипталар платформасидан олиб ташланди. «Газета.uz»га компания буни «техник иш» билан боғлиқ, дея изоҳлади. Кейин эса саҳифа «концерт бекор қилиниши мумкинлиги сабабли вақтинча ёпилганини» қайд этди. iTicket.uz сайти чипталарни қайтариш учун компания офисига боғланиш кераклигини айтди.

Бундан ташқари, фестиваль учун очилган Instagram саҳифаси блокланди. Концерт ташкилотчиларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, саҳифа «кўплаб шикоятлар туфайли ёпилган».

Қолаверса, улар «ЖАРА» фестивалининг пойтахтда ўтказилишини кутишмоқда. Расмий маълумот 3 апрель куни кечқурун чиқиши мумкин, дейди промоутерлар.

жара

Аввалроқ бу фестиваль Боку ва Алмата шаҳарларида бекор қилинганди. Қозоғистонда ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фестивални бекор қилишни талаб қилиб, бойкот эълон қилишди. Қозоғистонликлар орасида биринчи норозилик тўлқинидан сўнг фестиваль ташкилотчилари «Россия учун» концерт марафонида иштирок этган Лолита, Сергей Лазарев, Егор Кред ҳақидаги афишаларни олиб ташлади. Улар билан биргаликда Полина Гагарина ва Лариса Долина ушбу тадбирларда чиқиш қилишди. Уларнинг концертлари Қозоғистонда жамоатчилик босими остида бекор қилинди.

Маълумот учун, «ЖАРА» фестивали ҳар йили ўтказиладиган халқаро мусиқа фестивалидир. Унга илк бор 2016 йилда россиялик ва озарбайжонлик қўшиқчи, мусиқачи ва тадбиркор Эмин Агаларов асос солган. Тадбир Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ташкил этилган. Ушбу тадбирда МДҲ, асосан, Россиянинг таниқли қўшиқчилари чиқиш қилади. У Россия телеканалларида трансляция қилинади.