Ўзгидромет хизмати агентлиги ҳафта давомида — 3−7 апрель кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни ва ҳафта давомида республика бўйича об-ҳавони юқори циклон белгилайди, бунинг натижасида республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. 3−4 апрель кунлари Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғиши кучли бўлади.

Кундузги ҳаво ҳарорати ҳафта давомида +20…+23 даражадан +15…+18 даражагача ўзгариб туради. Республика бўйича ёмғир ёғиши баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар, шунингдек дўл ёғиши билан кузатилади.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 3−6 апрель кунлари баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғ ҳудудларда 5−6 апрель кунлари ёмғир қорга айланиши мумкин.

3−4 апрелда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. 3−7 апрелда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида 2000 м дан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

Пойтахтда 4 апрелдан 6 апрелгача вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, дўл ёғиши мумкин. Шамол ўзгарувчан йўналишда кучсиз 5−10 м/с дан бироз 12−15 м/с гача эсади. Душанба куни кундузги ҳаво ҳарорати +21…+23 даражани ташкил этади, ҳафта ўртасига келиб +16…+18 даражагача пасаяди.