Қозоғистон ҳукумати АИ-92/93 бензини ва дизель ёқилғиси учун маржинал чакана нархларни оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Курсив» нашри энергетика вазири в.б. Болат Акчулаковга таяниб хабар қилди.

Хабар қилинишича, АИ-92/93 бензини нархи 11 фоизга — 182−187 тенгедан (4582,8−4708,7 сўм) 205 тенгега (5161,9 сўм), дизель ёқилғиси эса 20 фоизга — 230−260 тенгега (5791,4−6546,8 сўм) дан 295 тенгега (7428,1 сўм) қимматлашади.

«Ички ёқилғи-мойлаш материаллари бозорини барқарорлаштириш учун Қозоғистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги нарх фарқини камайтириш зарур. Шунинг учун биз қийин, лекин айни пайтда зарур қадам — маржинал чакана нархларни оширишимиз керак», — деган Акчакулов.

Расмийлар, шунингдек, мамлакатда ёқилғининг ягона маржинал чакана нархини белгилаш ниятида ҳам. Ҳозирда бензин ва дизель нархи ҳудудларда фарқ қилади.

Шу билан бирга, хорижий харидорлар учун дизель ёқилғиси нархи юқори даражада қолади. Улгуржи ва чакана нархлар ўртасидаги фарқ тахминан 20% ни ташкил қилади.

Вазирнинг таъкидлашича, мавжуд маржинал нархларни сақлаб қолган тақдирда, «арзон қозоқ дизель ёқилғисининг мамлакат ташқарисига чиқиб кетиши фақат ошади».

Акчулаков, шунингдек, яқин олти йил ичида дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг имкони бўлмаслигини айтди. Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи қувватини 6 млн тоннадан 9−12 млн тоннагача ошириш учун қанча маблағ керак бўлади.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, Россияда дизель ёқилғиси нархи ўртача литри учун 345 тенге, бу Қозоғистон ёқилғисидан 45 фоизга, Қирғизистонда эса 64 фоизга қиммат ва литри 390 тенгени ташкил қилади. Ўзбекистонда икки баравар қиммат — литри 480 тенге (12086,4 сўм, 101 фоизга ўсган). Шундай қилиб, Қозоғистон дизель ёқилғисини чет элда қайта сотишдан олинадиган маржа 50% дан 120% гача ёки ундан кўпни ташкил қилади. Қозоғистон Энергетика вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, барча олиб-сотарлар шу тарзда йилига 140 млн долларгача даромад олишмоқда.

2019 йилдан бери Қозоғистон ҳар йили истеъмол қилганидан кўпроқ бензин ишлаб чиқарган. 2017−2018 йилларда учта йирик нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш якунланди ва бензин ишлаб чиқаришни 2017 йилдаги 3 млн тоннадан 2019 йилда 4,6 млн тоннагача ошириш имконини берди. 2017 йилда 4,2 млн тонна, 2019 йилда 4,5 млн ва 2022 йилда 4,9 млн тонна (ишлаб чиқариш 5 млн тоннадан ортиқ) бўлган истеъмол республикани ёқилғининг бир қисмини Россиядан импорт қилишга туртки бўлди. Прогнозга кўра, Қозоғистонда 2023 йилда бензин истеъмоли 2018 йилдан бери биринчи марта ўз ишлаб чиқаришидан ошиб, 5 млн тоннани ташкил этади.

2023 йилда дизель ёқилғиси истеъмоли 5,1 млн тонна ишлаб чиқаришга нисбатан 5,8 млн тонна бўлиши прогноз қилинмоқда. 2022 йилда бу кўрсаткич мос равишда 5,6 ва 5,3 млн ташкил этди. Анъанага кўра, Қозоғистон Россиядан етишмаётган ёқилғи-мойлаш материалларини импорт қилади, деб ёзади «Курсив».

Энергетика вазирлиги прогнозларига кўра, 2023 йилда Қозоғистон нефтни қайта ишлаш заводларида режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли нефтни қайта ишлаш 2022 йилдаги 18 млн тоннага нисбатан 17,9 млн тоннагача камаяди. Нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўтган йилги 13,7 млн тоннага нисбатан 13,4 млн тоннани ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, нефть қазиб олиш ўтган йилги 84,2 млн тоннадан 90,5 млн тоннага, экспорт эса 64,8 млн тоннадан 71 млн тоннагача ошади.

Январь ойида Қозоғистон бензин ва дизель ёқилғисининг чакана нархларини давлат томонидан тартибга солишни номаълум муддатга, нефть маҳсулотларини автомобиль транспортида мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлашни эса 2023 йилнинг ўрталаригача узайтирди.

Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистон 2022 йилда 76,5 млн долларлик 119,1 минг тонна, жумладан, Ўзбекистонга 11,4 млн долларлик 18,8 минг тонна дизель ёқилғиси экспорт қилган.