Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор (Uzinfocom) Ўзбекистонда домен номлари тизимининг илдиз серверини (DNS K-Root) яратиш бўйича келишувга эришди, дея хабар қилди Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

28 март куни Еревандаги UADay тадбирида RIPE NCC минтақавий домен номлари регистратори билан музокаралар ўтказилди.

АКТ вазирлигининг қайд этишича, бугунги кунгача маҳаллий сайтлар фойдаланувчиларининг барча сўровлари биринчи бўлиб хорижий DNS серверларига келиб тушарди. Бу бироз вақт талаб қиларди ва маълумотларни қайта ишлашни қийинлаштирар эди.

«Ўзбекистонда K-Root серверининг пайдо бўлиши туфайли қидирув жараёни ва интернетнинг ишлаши сезиларли даражада яхшиланади. DNS ташқи хостлари ва Интернет каналларига қарамликни камайтириш уни ишлатишни енгиллаштиради», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг фикрича, Ўзбекистонда илдиз сервернинг мавжудлиги DNS тизимини ривожлантиришга катта ҳисса бўлиб, бу, ўз навбатида, унинг носозликларга чидамлилиги ва барқарорлигини сезиларли даражада оширади.

Uzinfocom лойиҳанинг амалга оширилиши глобал DNS муҳим инфратузилмасининг географик тақсимотини кенгайтиради ва унинг DDoS-ҳужумларга бўлган чидамлилигини оширишини қайд этди.

Spot нашрининг ёзишича, RIPE тармоқли координациялар маркази интернетнинг 13 та DNS илдиз серверлари доирасига кирувчи K-Root (k.root-servers.net) серверлар гуруҳини бошқаради. Мазкур серверлар домен номларини IP-манзилларга ўтказишда бошқа DNS-серверлар сўровларига жавоб бериб, барча юқори даражадаги, жумладан миллий доменлар учун DNS-серверлар рўйхатини олишга имкон яратади.

DNS

Selectel нашрининг изоҳ беришича, DNS, бу — браузерга фойдаланувчи сўраган сайтни унинг номи билан топиш имконини берадиган технология.

DNS ишлаш тамойили смартфоннинг телефон китобидан шахсларни қидириш ва уларга қўнғироқ қилишга ўхшайди. Яъни қўнғироқ қилишувчи исмни қидириб, «қўнғироқ қилиш» тугмасини босади ва телефон керакли абонент билан улаб беради. Смартфон бу жараёнда одамнинг ўзини эмас, балки телефон рақамидан фойдаланади. Агарда унинг рақами телефонда ёзилмаган бўлса, исмнинг ўзига қўнғироқ қила олмайди.

Сайтлар билан ҳам худди шундай механизмда ишланади. Ҳар бир сайт номи ХХХ.ХХХ.ХХХ.ХХХ форматидаги рақамлар жамланмасига мос тушади. Ҳар бир октет (8 битли рақам) манзили роппа-ропа бир байтни эгаллайди, шунинг учун рақамлар 0 дан 255 гача бўлган кесимда актуал бўлади. Бу жамланма IP-манзил деб номланади. Бунга 192.168.0.154 ёки 203.113.89.134 реал IP-манзиллари мисол бўла олади. Фойдаланувчи браузерда сайт номини, масалан, google.com номини киритса, компьютер махсус DNS-сервердан ушбу сайтнинг IP-манзилини сўрайди.