Жиззах вилояти Бахмал тумани қурилиш бўлими бош архитектори Ш. Б. ўз жонига қасд қилди. Самарқанд вилояти прокуратураси бу ҳақда 3 апрель куни интернетда эълон қилинган маълумотни тасдиқлади.

Маълум қилинишича, 13 март куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

«Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза текшируви, шунингдек, ҳолат юзасидан тегишли идораларга хизмат текширувлари тайинланган», — дейилади хабарда.