Ўзбекистон шаҳарлари иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин. Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича мутахассиси ва «Фурсат келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш двигатели сифатида фойдаланиши мумкин?» ҳисоботи муаллифларидан бири Дмитрий Сиваев «Газета.uz» учун тайёрлаган мақоласида мамлакатдаги шаҳарсозлик билан боғлиқ муаммолар ва имкониятлар ҳақида ҳикоя қилади.

XXI асрда шаҳарлар — юқори суръатда ўзгариб бораётган глобал иқтисодиётнинг асосий марказларидир. Шаҳар ўсиши ва иқтисодий ўсиш — ўзаро боғлиқ ҳодисалар. Бугунги кунда шаҳарлар ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиб, ўз мамлакатлари ялпи ички маҳсулотига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Шаҳарларнинг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун уларни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шаҳарлар ўсиши ортидан қўлга киритиладиган имкониятларни бой бермаслик мақсадида мазкур муаммоларни ҳал этиш бўйича шошилинч чора-тадбирлар кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Самарали ва барқарор урбанизация ҳамда шаҳарларнинг ўсиши Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Бу Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётган кўплаб соҳалардан биридир. Хусусан, тадқиқотимиз Ўзбекистонда шаҳарсозликнинг мавжуд муаммолари ва имкониятларини холисона баҳолашга ёрдам беради ҳамда уларни шаҳарсозликда бошқарув ва режалаштириш бўйича халқаро тажриба асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсияларни ўз ичига олади.

2022 йилнинг ёзида Жаҳон банки «Фурсат келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш двигатели сифатида фойдаланиши мумкин?» деб номланган ҳисоботини эълон қилди. Уни тайёрлаш ишлари ўша пайтдаги Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бир қатор шаҳарлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ушбу тадқиқотда биз мамлакатда шаҳарларининг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилдик.

Шунингдек, унда мамлакат шаҳарлари дуч келаётган муаммолар аниқланиб, талаб мавжуд бўлган товарлар ва хизматлар, янги иш ўринлари, шунингдек, фуқаролар ҳаёт кечириши ва меҳнат қилиши учун қулай шарт-шароит билан таъминлашга қодир рақобатбардош шаҳарлар яратиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар йўналишлари белгилаб олинди.

«Газета.uz» Ўзбекистон шаҳарлари ўсиш жараёнида дуч келаётган муаммоларга бағишланган сўнгги мақолаларидан бирида юқоридаги ҳисоботдан батафсил иқтибос келтирган эди. Ушбу мақолада биз «Газета.uz» материалида тилга олинган мавзу муҳокамасини давом эттириб, ундаги, бизнинг назаримизда, ўқувчиларга тушунарлироқ бўлиши учун соддалаштирилган ва умумлаштирилган ҳолда келтирилган айрим фикрларга ойдинлик киритмоқчимиз. Мазкур шарҳларимизни эълон қилиш имкониятини тақдим этганлигини учун нашрга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ушбу мақолада «Газета.uz»да эълон қилинган материалда кўтарилган мавзунинг, бизнинг назаримизда, ҳисоботимизнинг тегишли бандларига ҳавола бериш орқали аниқлик киритилиши ва тўлдирилиши зарур бўлган бир нечта муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Янги бош режаларни ишлаб чиқиш муҳим, бироқ шаҳарларнинг ривожланиши бошқа муҳим омиллар ва қарорларга ҳам боғлиқ

«Фурсат келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш двигатели сифатида фойдаланиши мумкин?» номли ҳисоботда бир қатор сабабларга кўра ҳозирги босқичда Ўзбекистонда урбанизация иқтисодиётнинг самарадорлиги ва аҳоли турмуш даражасини етарли даражада ошириш имконини бермаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон шаҳар хўжалиги самарадорлигининг пастлигини фақатгина зичлиги паст бўлган биноларнинг кўпайиши билан боғлаш, устига-устак, бунга режалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва ҳудудларни шаҳарлаштириш тадбирларининг бошқа кўринишларини амалга оширишда асос қилиб олинувчи эскирган бош режаларни ягона сабаб қилиб кўрсатиш унчалик ҳам тўғри бўлмайди.

Ўзбекистон шаҳарларининг юқорига қараб ўсиш ўрнига майдони жиҳатдан кенгайиб бораётгани ҳақиқатда уларнинг ривожланиш салоҳиятини чекловчи омиллардан биридир. Бироқ, мазкур муаммо фақатгина эскирган бош режалар натижаси эмас. Вазиятни изоҳловчи бошқа омиллар ҳам мавжуд.

Шаҳарларнинг майдони жиҳатидан кенгайишига олиб келувчи паст зичликка эга бинолар кўпайишининг сабаблари қаторида мамлакатда ер бозорининг етарли даражада ривожланмаганлиги, ер ресурсларининг самарасиз бошқарув тизими, шаҳар кўчмас мулк бозорида янги арзон турар-жойлар таклифининг етарли даражада эмаслиги, мавжуд шаҳарларни режалаштириш тизимининг бозор иқтисодиёти воқеликларига мувофиқ эмаслиги, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларнинг чекланганлигини санаб ўтиш мумкин.

Шаҳарлар ривожланиши натижалари ва иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига таъсир этувчи омиллар шаҳарларнинг кенгайиши ёки юқорига қараб ўсиши билангина чекланиб қолмайди. Ҳисоботимизда қайд этилганидек, мамлакатдаги макроиқтисодий ва умумий ишбилармонлик муҳити, аҳоли ҳаракатчанлигига тўсқинлик қилувчи омиллар, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга инвестиция киритиш имкониятларининг чекланганлиги ва шаҳарлар иқтисодиёти ўсишини рағбатлантириш чоралари ҳам ҳисобга олиниши зарур. Бу мураккаб муаммолар мажмуи бўлиб, уларни ҳал қилиш вақт, тегишли давлат сиёсатига оид чора-тадбирлар ва моддий ресурсларни талаб этади.

Келинг, шаҳарсозлик масалаларини батафсил кўриб чиқамиз. Янги бош режалар, шубҳасиз, аксарият ҳолларда шаҳарларнинг янада барқарор ривожланишини режалаштириш учун зарур. Бироқ, улар бир қатор объектив мезонларга жавоб берган тақдирдагина самарали воситага айланиши мумкин.

Хусусан, бош режаларда шаҳарнинг келгусидаги ўсиш суръатлари ва кўлами яққол акс эттирилиши лозим. Шунингдек, улар шаҳарнинг мавжуд ва потенциал муаммолари ҳамда келажакда ўсиш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган чақириқларни, масалан, аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши ва тегишли ҳудуд мойил бўлган табиий офатларнинг таъсири, фуқаролар ва шаҳар иқтисодиётининг энергия ва бошқа ресурслар бўйича истеъмоли ва бошқаларни ҳисобга олиши зарур.

Бош режалар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция дастурлари ва тегишли ҳудудларни ривожлантириш режаларини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли коммунал хизматлар мавжудлиги орқали мустаҳкамланган бўлиши лозим. Улар бинолар қурилишига рухсат беришнинг самарали ва шаффоф тизими ҳамда тегишли давлат стандартларига риоя этилиши устидан ҳақиқий назорат билан таъминланиши зарур. Ҳисоботимизда сўнгги йиллардаги янгиланган бош режалар, афсуски, юқоридаги мезонларга деярли жавоб бермаслигини кўрсатганмиз.

Шаҳарсозлик тизимини чуқур ислоҳ қилмасдан туриб, юқоридаги мезонларни эътиборга олувчи бош режаларни ишлаб чиқиш имконсиз. Бунинг учун бош режаларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган аҳоли, инфратузилма, коммунал хизматлар ва шаҳар маконининг хусусиятлари бўйича фазовий маълумотларни йиғиш жараёнларини тизимлаштириш талаб этилади. Шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш ва аниқ ер майдонларидан фойдаланишга қўйиладиган талаб ва чекловларнинг шаффофлигини ошириш зарур. Бундан ташқари, шаҳар хўжалигида режалаштириш ва бошқарув масалаларида маҳаллий ҳокимият органларининг салоҳияти ва малакасини ошириш лозим.

Маҳаллий ҳокимият органларининг паст салоҳияти ва улар ихтиёридаги ресурсларнинг тақчиллиги шаҳарларни ривожлантириш имкониятларини чекламоқда

Шаҳарларни ривожлантиришда шаҳар ва туман ҳокимликларининг роли хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. «Газета.uz» мақоласини ўқир экансиз, Жаҳон банки ҳисоботида тилга олинган шаҳарлар маъмурияти тегишли ҳудудларни ривожлантириш бўйича ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларнинг уддасидан чиқа олмаётгандек таассурот уйғонади. Бироқ, бу хулосаларимизнинг тўлақонли тўғри талқини эмас.

Ҳисоботимизда Пискент ва Оҳангарон шаҳарлари мисолида бугунги кунда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш ва тегишли ҳудудлар иқтисодиёти ўсишини қўллаб-қувватлаш учун етарли маблағ ва воситаларга эга эмаслигини кўрсатиб беришни мақсад қилганмиз. Мазкур муаммо тизимли характерга эга бўлиб, нафақат номлари кўрсатилган иккита шаҳар, балки бутун мамлакат миқёсидаги вазиятга тааллуқлидир.

Бир томондан, саноат зоналарини ривожлантириш бўйича давлат дастурлари жойларда тараққиётнинг двигателига айланиши мумкин. Шу билан бир пайтда, ушбу дастурлар доирасида инвесторларга зарур инфратузилма тақдим этилмаган тақдирда, маҳаллий ҳокимият органларида кўп ҳолларда бу вазиятни ижобий ҳал этиш учун зарур ресурслар мавжуд бўлмайди.

Яна бир мисол, Пискент сингари (шаҳар Тошкент денгизи деб ҳам юритилувчи Туябўғиз сув омбори яқинида жойлашган) туристик салоҳияти мавжуд бўлган шаҳар мисолида олиб қаралса, маҳаллий бюджетларни молиялаштиришнинг амалдаги тизими шароитида тегишли ҳудудларнинг ҳокимият органлари туризм саноатини ривожлантириш, шу жумладан тегишли инфратузилмани яратиш учун етарли ресурсларга эга эмас.

Ҳисоботимизда 2018 йилда бошланган давлат томонидан молиялаштириш тизимини ислоҳ қилиш ҳамда ҳукуматнинг шаҳар ва туманлар ҳокимликларини кўпроқ ресурслар билан таъминлашга интилиши — давлат бошқаруви тизимини номарказлаштириш ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги мустақиллигини оширишга қаратилган муҳим қадам эканлиги таъкидланган.

Бироқ, давлат томонидан молиялаштиришнинг мавжуд тизими ҳозирча маҳаллий ҳокимиятларга ўзларининг келгусидаги тушумларини, айтайлик, келгуси бир неча йил учун прогноз қилиш имконини бермайди. Бу улар учун йирик капитал қўйилмаларни талаб қилувчи шаҳар инфратузилмаси ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини режалаштириш билан боғлиқ муайян қийинчиликларни туғдиради. Бу вазиятда муаммонинг илдизи яна тизим даражасида бўлиб, тегишли ҳудудларнинг ривожланмаганлигида алоҳида ҳокимликларни айблаш мутлақо ўринли эмас.

Шаҳарларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларида тизимли ислоҳотларни давом эттириш — Ўзбекистон шаҳарлари фаровонлигининг муҳим шартидир

Ҳисоботимизда Ўзбекистон шаҳарларининг равнақи йўлида ҳал этилиши зарур бўлган қатор тизимли муаммолар мавжудлиги ҳақида очиқ гапирганмиз. Шу билан бирга, ҳукумат томонидан сўнгги йилларда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва давлат молияси тизимини ислоҳ қилиш, шаҳарлар ва ҳудудлар инфратузилмасига инвестиция киритишни кенгайтириш, уй-жой қурилишини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда эришилган муайян ютуқларни эътироф этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда ер ислоҳотининг дастлабки ижобий натижаларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, янги ер қонунчилиги қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ер бозорини шакллантиришга замин яратади. Шубҳасиз, кадастр тизими, турли миллий ва маҳаллий ахборот тизимларини янада ривожлантириш, ер ва биноларга бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатга олиш, ер қийматини баҳолаш, истиқболда эса шаҳар ерларини хусусийлаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган кўп ишлар ҳали олдинда.

Юқорида санаб ўтилган муваффақиятлар эришилганлар билан кифояланиб қолиш мумкинлигини англатмайди. Ҳозирги босқичда давлат сиёсатига оид тегишли чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, уй-жой соҳасида арзон кўп хонадонли уй-жой қурилиши дастурлари ва ипотека кредити ставкалари бўйича субсидиялар аҳолининг турар-жой сотиб олиш имкониятларини оширди. Кейинги босқичда мазкур дастурларни якунлаш зарур, шунда улар шаҳар муҳити ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, шунингдек, ҳукуматнинг камроқ иштироки орқали аҳолининг эҳтиёжларини қондира оладиган уй-жой бозорини ривожлантиришга ёрдам беради.

Янги турар-жой массивларини бандликка кўмаклашиш марказлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектларига элтувчи транспорт воситалари нисбатан қулай бўлган ҳудудларда жойлаштириш имкони яратилса, бундай натижаларга қисқа муддатда эришиш мумкин. Бу янги шаҳарсозлик тизимига мувофиқ ишлаб чиқилган бош режалар қоидаларига мувофиқ вақт ўтиши билан содир бўлса, янада мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, уй-жой қурилиши соҳасида алоҳида давлат дастурларидан хусусий секторни янада кенгроқ жалб этиш ва ушбу соҳада жадал бозор муносабатларини жорий этиш имконини берувчи давлат уй-жой стратегиясини амалга оширишга ўтишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу чора-тадбирлар шаҳарларда турар-жой муаммосини узоқ муддатли ҳал қилишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда самарали ва барқарор урбанизацияни таъминлашнинг устувор йўналишлари

Урбанизация ва шаҳарларнинг ўсиши — Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш учун ноёб имконият бўлиб, уни асло қўлдан бой бермаслик лозим. Бугунги кунда мамлакат шаҳарлари ҳар доим ҳам ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқара олмаяпти. Бу юқорида қайд этилган, ҳам маҳаллий даражада, ҳам бутун мамлакат миқёсида мавжуд қатор муаммолар ва чақириқлар билан боғлиқ.

Биз ўз ҳисоботимизда Ўзбекистонда самарали ва барқарор урбанизацияни таъминлаш ва келтирилган муаммоларни ҳал этиш бўйича учта устувор йўналишга эътибор қаратдик. Улар мамлакат ҳукумати томонидан кўриб чиқилиши мумкин бўлган қуйидаги тавсияларни ўз ичига олади:

  1. Шаҳар ва ҳудудий ривожланиш миллий стратегиясини қабул қилиш. Унда мамлакат шаҳарлари қандай бўлиши кераклиги ҳамда уларни ривожлантиришнинг тегишли мақсадларига эришиш бўйича давлат сиёсатига оид чора-тадбирлар аниқ ифодаланиши, шунингдек, стратегияни амалга оширишга масъул давлат органлари белгилаб олиниши лозим.
  2. Ҳукуматнинг муайян ваколатларини ҳокимликларга бериш, йирик молиявий ресурсларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрига ўтказиш, шунингдек, ҳокимликларнинг шаҳарсозлик ва режалаштириш соҳасидаги малакалари даражасини оширишни ўз ичига олувчи узоқ муддатли дастурни амалга ошириш орқали маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва имкониятларини кенгайтириш.
  3. Шаҳарлар ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган таркибий ислоҳотларни давом эттириш. Самарали кўчмас мулк бозорини шакллантириш ҳамда ер ва кўчмас мулкка бўлган мулкий ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ер ислоҳотини амалга ошириш, шунингдек, шаҳарсозлик ва шаҳар ерларидан фойдаланиш тизимини модернизация қилиш шулар жумласидандир. Модернизациялаш ер бозорини ривожлантириш ва ер ресурсларини бошқаришнинг самарали ва шаффоф механизмларини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Хулоса ўрнида

Жаҳон банкининг «Фурсат келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш двигатели сифатида фойдаланиши мумкин?» ҳисоботи кенг кўламли таҳлилий, статистик, макон ва бошқа маълумотларнинг таҳлили натижалари, шунингдек, алоҳида шаҳарларнинг ривожланишига оид мисоллар ва муаммолар муҳокамаларини ўз ичига олади. Ушбу нашрнинг биргина рукн доирасида умумлаштириш имконсиз бўлган мазмуни ва хулосаларини яхшироқ тушуниш учун мамлакатдаги урбанизация жараёнларига қизиқувчи барчани ҳисоботга бироз кўпроқ вақт ва эътибор ажратишини тавсия этамиз.

Америкалик иқтисодчи Эдвард Глейзер шундай деган эди: «Шаҳарлар инсониятнинг энг буюк ихтироси бўлиб, улар бизни янада бойроқ, ақллироқ, соғломроқ ва бахтлироқ қилади». Шаҳарлар, шубҳасиз, буларнинг барчасини Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам қилишга қодир. Кўплаб мамлакатлар расмийлари фаровон шаҳарлар қуришга ва уларни миллий иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга муваффақ бўлган. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўз олдига шундай мақсад қўйган. Бу мақсад, унга эришиш йўлида бугун ушбу шаҳарларда яшаётган ва эртага уларда яшайдиган одамлар манфаати учун кўпроқ куч ва ресурсларни сафарбар этишга муносиб.