Тошкентда бир йил аввал аёлларга қарши кўча таъқиби, зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган «Умидани чақиринг» лойиҳасига старт берилган эди. Ўнлаб дўкон, дорихона, овқатланиш шохобчалари ва бошқаларни қамраб олган лойиҳа ғоясига кўра, кўчада таъқибга учраган хотин-қизлар лойиҳа иштирокчиси бўлган муассасаларда ёрдам олиши ва таъқибдан ҳимояга эга бўлиши мумкин.

Бир йил давомида лойиҳа қандай ишлади? Лойиҳа доирасида қанча хотин-қиз «Умидани чақирди»? Лойиҳа доирасидаги келгуси режалар қандай? «Газета.uz» лойиҳа ташаббускорларидан бири — БМТ Тараққиёт дастури (БМТ ТД) вакиллари билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Нега «Умидани чақириш» керак?

«Умидани чақиринг» — 2016 йили Буюк Британияда ишга туширилган «Ask for Angela» («Анжелани чақиринг»), Германиядаги «Ist Luisa hier?» («Луиза шу ердами?»), 2020 йили Россияда бошланган «Галяни чақиринг» ва 2021 йили Қирғизистонда старт олган «Кантайни чақиринг» номли лойиҳаларнинг Ўзбекистон учун мослаштирилган вариантидир. Бу ибора — ёрдам сўраш усули, махсус калит сўз. Уни эшитган муассаса ходими аввалдан тасдиқланган йўриқнома асосида ҳаракат қилади: у аёлни хавфсиз хонага олиб бориши, фавқулодда чиқиш жойигача кузатиб бориши ёки зарур ҳолатда ҳуқуқ-тартибот органларини чақириши мумкин.

«Аслида хотин-қизларнинг ҳимояланиш нисбати қанчалик юқори бўлса, тажовуз қилиш шунча камаяди. Бир кўчада аёл ёрдам сўраши мумкин бўлган ва унга ёрдам кўрсатиладиган 10 та шундай жой бўлса, тажовуз қилмоқчи бўлганлар ҳам қўрқа бошлайди: „Ҳозир бу ишни қиладиган бўлсам, фалончи жойдан чиқиб, бир нарса дейишади, қиз мана бу жойга кириб кетса, кейин нима қиламан“, деб имконияти камлигини тушуниб етади», — дейди БМТ ТД гендер мутахассиси Муҳаббат Туркменова.

Унинг фикрича, бу каби лойиҳаларни қўллаш нафақат қизларнинг, балки ҳамманинг ҳимояси — яъни кўчада ҳар қандай турдаги зўравонлик бўлмаслиги учун ҳам керак. Бунга аниқ бир механизмсиз эришиб бўлмайди. Механизм қандай ишлаши мумкинлигини Муҳаббат Туркменова оқшомда жамоат транспортидан фойдаланадиган ва шу сабабли зўравонлик ёки таъқибга дуч келиши эҳтимоли юқорироқ бўлган хотин-қизлар мисолида тушунтиради:

«Аввало, кўча хавфсизлиги таъминланиши муҳим — зўравонлик асосан яхши ёритилмайдиган жойларда юз беради. Кейин, аёл-қизлар бекатда транспортни узоқ кутиб қолмасликлари учун автобусларнинг келиш-кетиш вақтини кўрсатувчи мобил-дастурлар ёрдам беради. Бекатга автобус келишига 4−5 дақиқа қолганда чиқилса, эҳтимолий шилқимлик юз бериши мумкин бўлган вақт қисқаради. Агар ўша кўчада «Умидани чақиринг»га қўшилган муассасалар ҳам бўлса, у ҳолда бутун бир механизм вужудга келади: ёруғ кўча, бекатларда узоқ қолиб кетмаслик имконини берувчи тўғри ишлайдиган мобил-дастур, кўчанинг қайсидир қисмида ёки бекатда ўрнатилган видеокузатув камераси, шилқимлик ҳолати юз берганида тезда ўтиш мумкин бўлган хавфсиз жой — «Умидани чақиринг» ҳамкори бўлган муассаса».

Қандай қилиб лойиҳа ҳамкорига айланиш мумкин?

Лойиҳа иштирокчисига айланиш истагидаги компания ва ташкилотлар CallUmida.uz сайти орқали махсус саволномани тўлдириши керак. Бунда муассаса кўча юзида, бинонинг 1-қаватида жойлашган бўлиши (акс ҳолда таъқибдаги шахс хавфсиз жойни кўрмай қолиши ёки юқорига чиқишга улгурмаслиги мумкин) ҳамда бино ичида ёки бирор бир хонасида видеокузатув тизими бўлиши керак.

аёлларга нисбатан зўравонлик, бмттд, зўравонлик, кўча таъқиблари, тегажоқлик, умидани чақиринг, шилқимлик

Салоҳиятли ҳамкорларни саралаш жараёнида ташкилотчиларнинг жуда кўп вақти номзод ташкилотларнинг ижтимоий тармоқларини ўрганишга кетади. Масалан, ҳамкорликка номзоднинг ижтимоий тармоқлардаги хотин-қизларни таҳқирлайдиган, камситадиган постлар бўлса, улар билан ҳамкорлик қилинмайди. Бундан таъқиб ёки тазйиқдан қочиб, «хавфсиз манзил» деб белгиланган маълум бинога кирган хотин-қизлар ўша ерда ҳам номақбул муносабатга дуч келишининг олдини олиш мақсад қилинган.

«Яқинда бир реклама кўриб қолдим: унда аёлнинг очиқ елкасига QR-код қўйилган, одамлар эса аёлнинг баданидан QR-кодни суратга туширяпти. Бу аёлнинг баданини объект сифатида ишлатиш-ку! Биз қандай қилиб бу йўсинда ўз хизматларини реклама қиладиган компанияга ўзи шундоқ ҳам таҳдид остида қолган хотин-қизларнинг хавфсизлигини ишонишимиз мумкин?», — дейди Туркменова.

Мақбул деб топилган компаниялар билан шартнома имзоланаркан, уларнинг мажбуриятлари белгиланмайди — келишувга қарор қилинганининг ўзи масъулият зиммага олганини англатади. Лойиҳа ўз иштирокчилари учун ортиқча юк бўлмайди (ҳар бир ходим, хусусан, янги ишга олинганлар ҳам «Умидани чақиринг» лойиҳаси бўйича йўриқнома ва ҳаракатлар механизми билан таништириб чиқилиши лозимлиги ҳисобга олинмаса): мурожаатчига алоҳида хона берилиши шарт эмас, исталган видеокузатувли хона ҳам етарли.

Протоколга мувофиқ, лойиҳага аъзо компания ходими мурожаатчидан унинг ҳатто исм-шарифи, нима содир бўлгани, ўзини қандай ҳис қилаётгани ҳақида ҳам сўраши шарт эмас (фақат, мониторинг учун, «Умидани чақиринг» калит сўзи билан мурожаат қилганларнинг тахминий ёши, қандай ҳолатда келгани ва кетганини махсус анкетага ёзиб қўйиш сўралади).

Бу, аввало, шахсий дахлсизликни таъминлайди. Ҳолат билан танишган ходим мурожаатчини юпатишга киришиб кетиши мумкин, юпанч сўзлар эса турлича таъсир қилиши мумкин. Бу иш билан мутахассислар, психологлар шуғуллангани маъқул. Ҳамкорларнинг аксарияти дорихоналар, дўконлар, ресторанлар экани инобатга олинса, бу муассасаларда психологлар ишламаслиги эҳтимоли катта.

Шу боис «Умидани чақириб» келган мурожаатчидан ҳеч нарса сўрамаслик қоида сифатида киритилган. Фақат, мурожаатчининг ўзи хоҳласа, ичишга сув берилиши, ўзига келгунча кутиб туриш ва чиқиб кетаётганда кузатиб қўйиш тавсия этилади. Агар у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини чақиришни сўраса, чақирилади.

Вояга етмаган мурожаатчилар эса ёлғиз чиқариб юборилмайди: бирор яқинининг телефон рақамини эслай олса, боғланиб, ўша манзилга келишлари сўралади. Эслолмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уларнинг яқинларини топишга кўмаклашади. Чунки таъқибчи болани кўчада пойлаб турган бўлиши, у ташқарига чиққач уни яна таъқиб қилиши мумкин.

Ҳамкорлар 22 тадан кўпроқ бўлиши мумкин эди

Таъқибга учраган хотин-қизлар Телеграмдаги CallUmida_bot'га ўзлари турган манзилни жўнатса, бот унга (10 км радиусда) энг яқин хавфсиз нуқталар рўйхатини юборади. Хавфдан қутулиш мумкин бўлган жойни эса ҳамкор муассаса биносига ёпиштирилган «Умидани чақиринг» стикерлари орқали ажратиб олиш мумкин. Умуман, ҳамкорларнинг тўлиқ рўйхати билан CallUmida.uz сайтида ҳам танишиш мумкин.

аёлларга нисбатан зўравонлик, бмттд, зўравонлик, кўча таъқиблари, тегажоқлик, умидани чақиринг, шилқимлик

Бугунги кунда лойиҳа ҳамкорлари сони 22 та. Аммо қамров ҳақида шугина рақамга қараб хулоса қилиш ярамайди — лойиҳанинг деярли ҳар бир ҳамкори камида бир неча филиалга эга муассасалардир. Масалан, ҳамкорлардан бири — «Корзинка» супермаркетлар тармоғининг 100 дан ортиқ дўкони бор. Муҳаббат Туркменованинг сўзларига кўра, бугун — умумий олган қараганда — 300 дан ортиқ нуқтада «Умидани чақириш» мумкин.

Лойиҳа сайтидаги ҳамкорлар рўйхати бошида турган компанияларга ташаббускорларнинг ўзи таклиф билан чиққан. «Корзинка» каби компаниялар билан тезда келишувга эришилган. Дорихоналар билан мулоқотда эса савол туғилган. Улар ҳам лойиҳани маъқуллаган, аммо асосан хотин-қизлардан иборат ходимлари хавфсизлигини ўйлаб шундай масала қўйган: «Дорихонага қочиб кирган хотин-қизнинг ортидан таъқиб қилувчи ҳам келса, жуссаси кичик, жисмонан кучли бўлмаган ходимларимизнинг ўзига зиён етмайдими?».

«Ўйланиб қолдик. Дорихонанинг иши ўзи шундоқ ҳам хавфсиз эмас — гиёҳвандлар дори сўраб, маст одамлар эса спирт сўраб кириши мумкин. Шундай ҳолатларда нима қиласизлар, деб сўрадик. Улар «сигнал тугмаси»ни босишларини, шунда яқин орадаги Миллий гвардия бўлинмаси 2 дақиқа ичида етиб келишини айтишди», — дейди Туркменова. Шу билан нафақат дорихоналар, балки лойиҳани қўлласа-да, хавфсизлик борасида иккиланиб турган, лекин «сигнал тугмаси» бор бошқа муассасалар билан боғлиқ масала ҳам ҳал бўлган.

Ҳамкорлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Аммо бир қатор катта компаниялар бу каби ишлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шуғулланиши кераклигини, бошқалари эса ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб бериши кераклигини таъкидлаб, рад жавобини берган ва «зўравонликка нисбатан жамиятдаги маълум қатлам фикрини ҳам кўрсатиб қўйган».

«Афсуски, „кийинишини жойига қўйсин“, „кўчага кўп чиқмасин“ каби важлар билан жуда кўп зўравонлик ҳолатларида аёл-қизларнинг ўзи айбланади. Уйингиз, машинангизга ўғри тушганда милицияни чақирасиз, тўғрими? Улар очиқ қолганида ўғрилик бўлса ҳам милиция „нимага эшигингни яхши қулфламадинг?“, „машинангнинг ичи чиройли экан-да, устига чехол қилганингда, шунақа бўлмасди“ демайди — жиноятчини топади ва у қонунга мувофиқ жазо олади. Нега моддий буюмга ишлайдиган қонунлар аёл-қизларга келганда, зўравонлик ҳолатларида ишламайди?», — дейди БМТ ТД мутахассиси.

Ҳамкорлар рўйхатига эътибор берилса, улар орасида бирорта ҳам давлат ташкилоти йўқ. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлаганидек, «ушбу ташаббус фуқаролик ва корпоратив ижтимоий масъулият ва маълум бир мавзуларга бефарқ эмаслик асосида ташкил этилган кўнгилли бирлашмалар жамиятдаги мураккаб муаммоларга оддий ечим топишнинг самарали усули бўлиши мумкинлигидан далолат беради».

Айни вақтда, Муҳаббат Туркменованинг қайд этишича, ҳамкорларга — улар хусусий сектордан бўладими, ё давлат ташкилоти, фарқи йўқ — бирор чегара қўйилмаган. Аммо ҳозирча, ҳақиқатан ҳам, давлат сектори иштирок этмаяпти: «Умидани чақириш» бошланганида кўп давлат ташкилотлари бу лойиҳа яхши ташаббус эканини таъкидлаган, лекин ҳалигача ҳамкорлик истагини билдирмади.

«Инсон ҳуқуқлари давлат томонидан таъминланишига ўрганиб қолганмиз. Аслида ҳам бу давлатнинг мажбурияти, лекин халқаро майдондаги бугунги муҳокамаларда ҳуқуқлар таъминланишида хусусий тармоқларнинг роли ҳақида кўп гапириляпти. Ўйлаб қарасак, бу борада ушбу бўғиннинг ҳам имкониятлари кенг. Олдин давлатнинг ҳимоя қиладиган армияси бор деб ўйлардик. Аммо бугунги кунда ўзининг кучли қўриқлаш тизимига эга компания, корпорациялар ҳам талайгина. Қолаверса, Facebook, Тwitter каби ижтимоий тармоқлар ҳам одамлар учун ҳуқуқларини талаб қилиб оладиган майдонга айланган. Улар ҳам давлатдан алоҳида бўлган хусусий тармоқларга тегишли. Бу корпоратив ижтимоий масъулият дейилади ва чет элда жуда яхши ривожланган», — дейди Туркменова.

Шунинг учун ҳам «Умидани чақиринг» лойиҳасида ҳамкорлар масаласида устуворлик хусусий секторга берилган. Ташкилотчилар фикрича, хусусий секторнинг ҳам имкониятлари кўп ҳамда улар мажбурият эмас, масъулият нуқтаи назаридан ҳам жавобгарликни яхши англаб ета олади. Компания жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзига ижтимоий масъулият оларкан, айни вақтда ўз обрў-эътиборини ошириш имкониятига ҳам эга бўлади: биргина ёпиштирилган «Умида чақиринг» стикерининг ўзи бу жой, бу компания нафақат хотин-қизлар, балки ҳамма учун ҳам хавфсиз макон эканини англатади.

«Пул аралашган ижтимоий лойиҳа тўхтаб қолади»

Лойиҳа ишга тушганидан кейингина уни ногиронлиги бор шахсларга мослаштириш масаласи эътибордан четда қолгани маълум бўлган. «Аввалроқ шу нарсани ўйламаганимиз учун ўзимизни койидик», — дейди Муҳаббат Туркменова. Ногиронлиги борларнинг жамиятлари мурожаатларидан сўнг, улар билан бамаслаҳат, «Умидани чақиринг» лойиҳаси доирасида заиф эшитувчилар, ақлий заифлиги борлар учун қўлланмалар тайёрланган. Хусусан, лойиҳа ҳамкорлари учун уларга заиф эшитувчилар мурожаат қилганда уларга қандай ёрдам бериш, нималар қилиш мумкину мумкин эмаслиги ҳақида 10 дақиқалик видеодарслар ҳам ишлаб чиқилган.

аёлларга нисбатан зўравонлик, бмттд, зўравонлик, кўча таъқиблари, тегажоқлик, умидани чақиринг, шилқимлик

Аммо Ўзбекистон шаҳарларида, хусусан, Тошкентда ногиронлиги бор кишиларнинг эркин ҳаракатланиши учун зарур инфраструктура йўқлиги, йўлларда тўсиқлар кўплиги лойиҳани барча учун тенг амалиётга жорий қилишда қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Мутахассис лойиҳанинг кўзи ожизлар билан боғлиқ жиҳати айниқса муаммоли эканини таъкидлайди. Одатий ҳолатда хотин-қизлар бинога ёпиштирилган «Умидани чақиринг» стикерини кўриб, хавфсиз манзилни ажратиб олиши мумкин. Бироқ кўзи ожизлар стикерларни кўролмайди ва ўз-ўзидан хавфдан қутилиш эҳтимоли ҳам камаяди.

«Шаҳар кўзи ожизлар учун овозли техник имкониятлар, заиф эшитувчилар учун махсус хариталар, таянч-ҳаракатида нуқсони борлар учун пандуслар билан тўлиқ таъминлансагина лойиҳадан ногиронлиги бор хотин-қизлар ҳам бирдек фойдалана олади», — дейди БМТ ТД мутахассиси.

Лойиҳа ҳамкорлари Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида фаолият олиб борса, лойиҳа ҳам ўша ерларгача кириб борган: масалан, «Корзинка.uz»нинг нафақат Тошкентдаги, балки ундан ташқаридаги барча дўконларида ҳам «Умидани чақириш» мумкин. Яъни, лойиҳа фақат пойтахт билан чекланиб қолмаган, аммо унинг Тошкентдан ташқаридаги қамрови ҳали жуда кичик, айни вақтда Тошкентдаги қамровни ҳам етарли деб бўлмайди.

Бу жиҳатга тўхталаркан, Туркменова хоним ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар корпоратив ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олиши, кўнгиллилар эса бирлашиши лозимлигини таъкидлайди.

«Биз имконимиз етганича ҳаракат қиляпмиз. Аммо лойиҳанинг кенг ёйилишида ОАВнинг роли муҳим», — дейди БМТ ТД мутахассиси, чунки одамлар ҳам, ижтимоий масъулиятни елкасига олишга тайёр компаниялар ҳам бундай лойиҳалар ҳақида фақат ОАВ маълумотлари асосида хабар топиши мумкин. Шу боис лойиҳа кўпроқ ёзиш, уни кўпроқ ёритиш зарур. Мутахассиснинг қўшимча қилишича, бу каби лойиҳалар ижтимоий фаоллар томонидан бошланиши керак.

«Биз ҳам «Умидани чақиринг»ни маҳаллий фаоллар қўлига бермоқчимиз. Фаоллар, пули бор-йўқлигидан қатъи назар, хоҳиши бўлса, лойиҳани давом эттираверади. Халқаро ташкилотлар қайсидир мамлакада бирор лойиҳа бошлагани яхши, аммо улар бунга мажбур эмас. БМТ ТДдаги жуда кўп лойиҳалар волонтёрлик асосига қурилган — бундай иш узоқ вақт сақланиб қолиб, давом этади. «Умидани чақиринг»да ҳам пул олди-бердиси бўлмаган. Пул аралашган лойиҳа пул тугагач тўхтаб қолади», — дейди Туркменова.

«Умидани чақиринг»дан шу вақтга қадар қанча аёл-қиз фойдаланган?

Лойиҳа доирасида CallUmida Survey Telegram-боти ишлаб чиқилган. Унда хотин-қизлар ўзлари дуч келган зўравонлик ёки шилқимлик ҳолатларини аноним тарзда билдириши мумкин. Бу орқали муаммонинг қанчалик кенглиги, кўпроқ қайси жойларда учрашини билиб, ўша манзиллардан ҳамкор компаниялар излаш, уларни лойиҳага жалб қилиш мумкин.

«Умидани чақиринг» калит сўзи билан хавфсиз ҳудудга мурожаат қилганларнинг шахсий маълумотлари тўпланмайди, фақат, юқорида таъкидланганидек, мурожаатчининг тахминий ёши, қандай ҳолатда келгани ва кетганини махсус анкетага ёзиш орқали мурожаатлар мониторинги олиб борилади. Шу кунга қадар калит сўз билан уч киши мурожаат қилган. Уларнинг ҳаммаси 18 ёшдан катта аёл-қизлардир.

«Менталитетимиз, жамиятимиздаги „уят бўлади“, „индама“, „ўчир овозингни“ каби кучли босимлар орасидан шу уч овоз чиққанининг ўзи ҳам биз учун катта кўрсаткич», — дейди БМТ ТД гендер мутахассиси Муҳаббат Туркменова.