Энергетика вазирлиги матбуот хизмати худудларда тадбиркорларнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланишгани борасида маълумот берди.

Хусусан, 13−29 март кунлари «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Тошкентда ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркорлик субъектларига қарашли 4 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Мазкур ноқонуний ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 7,1 млрд сўмни ташкил этган. Жумладан қуйидаги заправкаларда давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори:

  • Юнусобод туманида жойлашган АГТКШда 2,372 млрд сўмлик;
  • Сергели туманида жойлашган АГТКШда 1,728 млрд сўмлик;
  • Мирзо Улуғбек туманида жойлашган АГТКШда 1,607 млрд сўмлик;
  • Учтепа туманида жойлашган АГТКШда 1,392 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида март ойи давомида 6 та улгуржи истеъмолчи томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига етказилган умумий зарар миқдори 18,352 млрд сўмни ташкил этган.

Жумладан, Фарғона шаҳрида жойлашган хусусий корхонага қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 18,314 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича қоидабузарларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонуний баҳо берилмоқда.