Хорижда яшаб, бегона муҳит, турли маданият ичида бола тарбиялаш хийла мураккаб. Ҳар ернинг тош-тарозиси бор. Лекин ўғил-қизининг она тилини унутмаслиги, турфа қарашлар таъсирига тушмаслигини хоҳлайдиган аксар ўзбек ота-оналари бунинг ҳам йўлини топмоқда. Кимдир оилада қаттиқ тартиб-қоида, ўзбекча удумларга қатъий риоя этса, яна кимдир китоб ёзяпти, бошқаси куй басталаб, ашулалар яратяпти. Анчадан бери оиласи билан Германияда яшаётган Ситора Усмонова ҳам қизи ва хориждаги ўзбек болажонларига атаб китоб ёзган.

«Газета.uz» она, малакали иқтисодчи ва ёш ёзувчидан чет элда фарзанд тарбиялаш машаққати, немис китобхонлари одати, аёлнинг жамиятдаги ўрни каби бир неча муҳим саволларга жавоб олди.

Ситора Усмонова — Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган;
— Оилали, қизи, турмуш ўртоғи билан Германияда яшайди;
— Берлиндаги Солиқ маслаҳатчиси ва аудитори идораси иқтисодчи-бухгалтери;
— Солиқ ҳуқуқи бўйича малака ошириб, ҳозирда иқтисод мактабида таҳсил олади;
— Болалар учун Европа стандарти асосида чоп этилган «Қуёшли тонг» китоби муаллиф
и.

Фото: Ситора Усмонованинг шахсий архивидан.Фото: Ситора Усмонованинг шахсий архивидан.

— Саккиз йилдан бери Германияда оилангиз билан яшайсиз. Бегона юртга мослашиш, узоқ муддатли яшашга кўникиш қийин кечмадими? Нега яшаш учун шу давлатни танлагансиз?

— Бу ерларга келиб қолганим аввало тақдирдан. Болалигимда дадам тез-тез хизмат сафари билан Германияга кетардилар. Янги йил арафаси уйга бир жомадон тўла шоколад келар ва ҳаммага бир-бир улашгач, тугаб қоларди. Ёшликдан Германия мен учун энг зўр шоколадлар ватани бўлган. Кейинчалик дунё миқёсидаги ривожланган давлатлардан бири эканини билдим.

Ям-яшил табиати, инсон ҳақиқатда қадрланиши, имконияти чекланганларга алоҳида эътибор, яшаш, ўқиш шароитининг энг юқори нуқтага етказилгани, ёш ота-оналарга давлат ажратадиган имтиёзларни кўриб, Европа давлатлари ичида Германия — бирдамлик мамлакати эканини яққол сездим ва бу ўлка юрагимдан ўзгача жой олди.

Мослашиш, деяпсиз. Менимча, ҳар қандай жамиятга тезроқ мослашишнинг энг оддий йўли — ўша давлат тили, тарихи, маданиятини ўрганиш. Германияга келгач, турмуш ўртоғим мени тезда тил курсига ёздирдилар. Немис маданияти, тилига қизиққанимдан олти ой ичида В2 даражасидаги Goethe-Zertifikat'ини олдим.

Қўлимда тил даража сертификатим бўлса-да, уйимизга келиб турадиган немисзабон дўстлар билан бемалол сўзлашолмас, фикрларимни аниқ ва равон айтолмасдим. Ҳазилларини тушунмай, уялиб қолардим баъзан. Айнан мана шу немис жамиятига тезроқ мослашишга туртки берган. Луғат китобим билан Bezirksamt — фуқароларни рўйхатдан ўтказиш бўлимига бориб, турар жой учун рўйхатдан ўтиб келганимни ҳалигача кулиб эслайман.

— Ҳозирда Солиқ маслаҳатчиси ва аудитори идорасида иқтисодчи-бухгалтер бўлиб ишлайсиз. Ишингиз беҳад масъулиятли ва шунинг баробарида қизиқ. Чунки кўпчилигимиз немисларни тартиб-қоида, ҳисоб-китобни ҳаммасидан устун қўядиган халқ сифатида таниймиз. Ишингиздаги мураккаблик, ўзига хос машаққатлари чўчитмаганми?

— «Энг катта қийинчиликлар биз уларни қидирмаган жойда учрайди», дейди Гёте. Бошланган ҳар қандай ишда асосий эътиборни қийинчиликка қаратаверсак, у осонлашиб қолмайди. Ausbildung — касбий таълим вақтида бор эътиборим касб ўрганишда бўлган. Ҳаракат қилсам, ҳунарли бўламан, қўлимдан келмаса, тажрибали, дердим. Асосийси оилам, болам ҳамиша ёнимда эди.

Бу ерда иш берувчимнинг энг яхши томони — унинг ходимларга ишончи ва интилувчанликни баҳолай олиши бўлган. Ишончни оқлаш учун ҳар бир вазифани пухта, тартиб-интизом билан тугатишга тиришардим. Ҳаракатларим зое кетмади. Тартиб-интизом бўлса, ҳар ким мустаҳкам структура барпо эта олишини ҳамкасбларимдан ўргандим.

Ҳеч эсимдан чиқмайди: биринчи иш куним ёзилган эътирозномаларни тезда солиқ идорасига факс орқали жўнатишимни айтишди. Факс аппарати олдига келиб, 10 дақиқача: «Буни қандай ишлатсам экан?», деб туриб қолдим. Ёзувлари немисча, аппарат жуда замонавий эди. Атрофдагилардан сўрашга тортиндим. Қийналаётганимни пайқаган, ёши 60 га борган ҳамкасбим келиб: «Ие, бунинг қандай ишлашини сизга кўрсатишмабди-ку!», дея, шошмасдан, тартиб билан ҳаммасини тушунтириб берганди.

Шундан кейин зарур пайтда ҳамкасблардан ёрдам сўрашга, ўрганганларимни дафтарга ёзиб боришга одатландим.

— Суҳбатдан олдин гаплашганимизда «Бу ерда Европа стандарти асосида биринчи ўзбек болалар китобини ёздим» дедингиз. Китобни ёзишингизга нима сабаб бўлди ва «Европа стандарти» деганда нима назарда тутилади?

— Германияда полиграфия саноати жуда ривожланган. Болалар китоби нашрларида Европанинг энг юқори стандарти талаб этилади. Масалан, китоб қоғози, оғирлиги, бўёқлар, ранг-тасвир бола саломатлигига зарар етказмайдиган бўлиши шарт. Китобдаги layout — «жойлашув», «макет» ўқиш учун қулай ва аниқ бўлиши, мавзу-мундарижаси ҳам тўғри танланган бўлиши керак. Маданий бойлик сифатида Германияда босма, ҳатто электрон китобларда ҳам ҚҚСнинг 7 фоизлик пасайтирилган ставкаси қўлланади.

«Қуёшли тонг» китобим ҳам Европа стандартлари асосида чоп этилган. Германиядаги биринчи ўзбек билингуал болалар китоби. Матнлар миллий иллюстрациялар билан бойитилган, чет элда яшовчи ҳар қандай ўзбек боласи тушуна оладиган содда ўзбек тилида ёзилган. Германиядаги ўзбек оилаларига ҳам тарқатдик, илиқ муносабатларни эшитдим, кўпчилик «Янги авлод ёзувчиларидан» дея эътироф этди.

Китоб ёзиш қатори илгари Берлиндаги энг катта Дуссманн номидаги Маданият уйида (Dussmann das KulturKaufhaus) тез-тез ўтказиладиган муаллиф ва ўқувчилар учрашувига бориб турардим. Пандемия сабаб бундай тадбирлар онлайн (coaching ҳолати)га ўтказилди. Ўтган йил ёзида немис бестселлер романлари муаллифи Сенди Мерсенинг «Schreib dein Buch» — «Ўз китобингни ёз» деган coaching’ида қатнашгандим.

Мусофирчиликда қизимга имкон борича ўзбекча тарбия беришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар йили Ўзбекистонга борганда ўзбек болалар адабиёти билан танишамиз, китоб дўконларни эринмай айланамиз. Қизимиз 6 ёшга тўлгунича ватандан ўзимизнинг китоблардан олиб келиш одатимиз эди. Лекин дўконлардаги айрим китобларнинг сифати, мазмуни, узундан-узун матнларидан ичим тўлмасди. Болага бошқача адабиётни кўрсатиш керак, дердим. 2−3 ёшга мўлжалланган ўзбекча, суратли китобларни-ку деярли тополмасдим. Топилса ҳам, рангли принтердан шундоқ чиқарилган, оддий дафтар-китоб шаклида бўларди. Ҳазилакам варақласангиз, ростакамига йиртилиб кетарди. Ўзбек халқ эртакларидаги қаҳрамонлар, масалан, девлар, ялмоғизу аждарлар 2−3 яшар бола онгида салбий туйғуни уйғотишидан, қўрқувини кучайтиришидан чўчиганман.

Ҳикояларни ўқиб бўлмасимдан, 3 яшар қизимнинг диққати бўлиниб, асарнинг давомига қизиқмасди. Шунда ўйладим: нега биздек мусофирликда яшаётган ўзбеклар учун осон тушуниладиган ўзбек болалар китоби кам ёки йўқ? Нега замонавий эртакларимиз саноқли? Узоқ ўйладим ва кейин ҳаракатга тушдим. Илк китобимни кундалик ҳаётда рўй берадиган воқеалар, содда матн, одоб-ахлоқни сездирмай ўргатадиган, иллюстрациялар билан бойитиб, янги, митти қаҳрамонлар кўмагида яратдим. Китобни икки йил ичида ёздим, ўз ҳисобимдан нашр этдим. Унинг яралишида бирор ташкилот ёки нашриётнинг улуши йўқ. Мақсадим илм бўлиб, бошқа нарса кўзланмаган. «Қуёшли тонг» хориждаги ўзбек болажонларига заррадек қувонч улашса, ниятимга етган бўламан.

— Боланинг китобхон бўлиши кўп ҳолларда ота-онага боғлиқ. Лекин муҳитнинг ҳам таъсири бор. Немислар миттивойларини қандай қилиб китобхонга айлантира олишади?

— Германиядаги ота-оналарнинг фарзандига олиб берадиган биринчи ўйинчоғи кўпинча китоб бўлади. Чунки бу ерда китобнинг қадри баланд ва кўп ўқилади. Ота-она эрта ёшданоқ боласига суратли китобларни мунтазам ўқиб беради, расмларини бирга томоша қилади. Бола ҳали ёшига тўлмай китоб танийди, энди тили чиқаётганининг сўз бойлиги севимли асаридаги диалоглар билан бойийди.

— Хорижда яшаб фарзанд тарбиялаяпсиз. Муҳит, бегона тил, дунёқараш ва маданиятдаги фарқ ўсаётган болага катталардан кўра тезроқ, осон ва сезиларли таъсир қилади. Дарров машаққати, мураккаблигидан эмас, ижобий томонидан бошлай: бола тарбиялаш методингиз қандай? Немислар-чи, улар қандай тарбия усулини қўллайди?

— Бола тарбиялашда қатъий қоида-методим йўқ. Фарзандим комил ва соғлом инсон бўлиб улғайиши учун нимани энг тўғри деб билсам, бошқа оналардек ўшани бажаришга ҳаракат қиламан. Қизим билан ўзбек тилида гаплашаман. Уни кўпроқ эшитаман. Боғчасидан келгач, бирга чой ичамиз ва куни қандай ўтганини сўрайман, ҳаммасини ҳикоядек сўзлашига имкон бераман. Шахсий танловини ҳурмат қиламан. Ухлашдан аввал немисча эртак китобини ўзбекчага ўгириб ўқиймиз, қисқа таҳлил қиламиз. Бирор мультфильм томошасидан кўра музей ёки театрга боришни афзал кўраман. Деярли ҳар ҳафта табиат бағрида оилавий сайрга чиқамиз.

Немис ота-оналар фарзандларига болаликдан мустақил фикрлаш ва ўйлаган-билганини катталардек талқин қилишини қўллаб-қувватлашади. Болалари билан паст овозда гаплашишади. Телевизор ва бошқа электрон қурилмалардан ўғил-қизи мактаб ёшига етмагунича фойдаланишга деярли рухсат берилмайди. Фақат чекланган, сараланган дастурларнигина кўрсатишади. Ёзда, музқаймоқ расталарида турган немис ота-оналари энди-энди тили чиқаётган боласидан: «Сен ваниллали музқаймоқ ейсанми ёки шоколадли?» деб сўраши, бола эса ўзича ўйлаб-ўйлаб охири танлашини кузатиш жуда мароқли.

— Ўқиш, иш, оила, фарзанд тарбияси — ҳаммаси баравар келса, қийин эмасми? Яна яқинлардан узоқда яшайсиз…

— Ишим ва ўқишимни оиламдан устун қўймайман. Осон бўлмаган, айниқса имтиҳон пайтлари. Курсдошларим лекциядан кейин имтиҳонларга тайёрланар, мен эса фарзандимни боғчадан олишга шошардим. Дарсларни тайёрлашга эса уйдагилар ухлагач вақт топиларди. Нимагадир эришмоқчи бўлган одам албатта йўл, имконини топаркан.

Қатъий кун тартибим — интизом ва вақтдан унумли фойдаланиш. Ҳафта ичи телевизор кўришу телефонда соатлаб гаплашишга имкон йўқ. Дам олиш кунлари яқинларимизни йўқлаймиз, дўстлар билан кўришамиз ва оилавий дам олиб, чарчоқларни унутамиз.

болалар адабиёти, китоб, мутолаа, ситора усмонова, эртаклар

Фото: Ситора Усмонованинг шахсий архивидан.

— Жамиятда аёл кишининг (айниқса, ўзбек хотин-қизларининг) ўрнини қайси поғона, жой ёки даврада тасаввур қиласиз?

— Бизнинг хотин-қизлар ҳаётини европалик аёлларники билан таққослаб бўлмайди. Кузатишимча, Германияда аёлларнинг оналик даври жуда кеч бошланади. Немис қизлари оила қуриб, фарзандли бўлишдан аввал илм олиш, саёҳат, карьера қилишни биринчи даражага қўяди. Бу давлатга бир томондан фойда бўлса, иккинчи тарафдан зарар ҳамдир. Катта иш кучи, ҳар соҳада ўқиб-ривожланган ўлкада туғилишнинг кескин камаяётгани жиддий муаммодир.

Бизда бунинг акси. Тўғри, оила муҳим, лекин жамият ичида овози, истеъдоди мажбуран бўғилган қизлар, афсуски, жуда кўп. Қиз ўстираётган ота-она энг аввал боласига ишонч ҳиссини сингдириши шарт. Ўзига ишонган инсон — аёлми ё эркак — қаршисидаги мушкулотдан чиқиш йўлини топа олади.

— Аксаримиз атрофдаги босимлар сабаб баъзан руҳий мададга муҳтож бўламиз. Лекин психологга боришдан уяламиз. Дугонаси, опа-синглиси, билан ғийбатлашиб ё ҳасратлашиб енгил тортадиганлар бору, бу муаммога ечим эмасда! Илмий асосланган методлар, даво усуллари зарур. Германияда руҳий кўмакка муҳтож, оилавий муаммолар ичида қолган аёлларга қандай ёрдамлар берилади?

— Германияда психология йўналишида ўқиш ва уни муваффақиятли тамомлаш осон эмас. Масъулияти катта. Бу соҳа эгаларидан мунтазам ўқиб-ўрганиш, амалиётдан узилмаслик, махсус касалхоналарда малака ошириш талаб этилади. Ҳар бир психолог олий маълумотли бўлиши қатъий талаб. Икки ё уч ойлик курсни ўқиб, психологга айланишнинг бу ерда имкони йўқ.

Мижози билан ишлаётганида ҳам даво-дориси, муолажа усули илмий тасдиқдан ўтган бўлади. Беморнинг шахсига оид маълумотлар қонун билан ҳимояланади. Ҳар бир инсон учун жавобгарлик бор. Агар немис мутахассислари биздаги айрим «психолог»ларнинг маслаҳат-тавсиясини эшитишса, ёқа ушлашлари аниқ.

Руҳий кўмакка муҳтож аёллар масаласига келсак, бу ерда хотин-қизлар қатори эркакларга ҳам махсус индивидуал психотерапевтик соат учун олий маълумотли психологга оилавий шифокор йўлланма беради. Айни шу йўлланма асосида беморга алоҳида суҳбат соати ажратилади. Харажатларни эса тиббий суғурта кассаси қоплайди, бемор тўлов ҳақида қайғурмай даволанади.

— Икки қутбни таққослаш баъзан оғриқли бўлади. Айниқса, сен туғилиб-ўсган олам ҳозирда яшаётган ўлкангдан ҳар жиҳатдан ортда қолган ё олға юришни хоҳламаётган бўлса, алам қилади. Германияда саккиз йилдан бери яшаб, биз нималарда ортдалигимизни Ўзбекистонга таътил ё бошқа мақсадда келганда кўпроқ сезсангиз керак, а?

— Таътилда Ўзбекистонга борсак, аэропортдан кўзёшларимни тиёлмай, яқинларим бағрига шошиламан. Ватан, яқинлар соғинчини икки оғиз гап билан тасвирлаш қийин.

Лекин ҳар сафар уйга борсак, юртнинг тобора экологик муаммолар қаърига шўнғиётганини кўриб, юрак эзилади. Ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлослангани, ям-яшил дарахтларнинг аёвсиз кесилаётгани, тоғлардаги дам олиш масканларида тўпланган, ташлаб кетилган чиқинди-ахлатлар кайфиятни туширади, хафа бўламан. Биз бу даражагача борадиган халқ эмасдик!

Табиат неъматларидан нотўғри фойдаланаётганимизни охирги йиллардаги воқеалар: аномал жазирама, ичимлик сувининг камайиши, чанг-тўзоннинг ортаётгани, қурғоқчилик кабилар кўрсатиб беряпти. Исрофдан қўрқайлик ва инсофни унутмайлик!