Бразилия ва Хитой қўшма клиринг палатаси ташкил этилганини эълон қилди, деб хабар берди Бразилиянинг Folha нашри.

Ҳисоб-китоб клиринг палатаси — икки давлат ўртасида миллий валютада операциялар ва кредитлар бериш имконини берувчи банк муассасаси. Энди давлатлар ўз валюталарини АҚШ долларига конвертация қилмасдан туриб, трансчегаравий операцияларни бевосита амалга оширишлари мумкин бўлади. Бу орқали транзакциялар суммасининг арзонлашиши ва долларга қарамлик пасайиши кутилади.

«Бразилия билан юанда тўлов бўйича келишув имзоланди, бу савдомизни анча осонлаштиради. Биз озиқ-овқат ва минерал хомашё соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқчимиз, Хитойдан Бразилияга ва Бразилиядан Хитойга юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини қидирамиз», — деди Хитой савдо вазири ўринбосари Го Тинтин.

8 февраль куни Хитой Халқ банки ва Бразилия Марказий банки ўртасида Хитой юанидан фойдаланган ҳолда клиринг келишувлари бўйича меморандум имзоланганди.

Бразилиянинг Савдо ва инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (ApexBrasil)нинг таъкидлашича, янги келишув «харажатларни камайтиради, ўзаро савдони янада кенгайтиради ва инвестиция киритишни осонлаштиради».

Нашрнинг ёзишича, Хитой 2010 йилдан бери Бразилиянинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. 2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражада — 150 миллиард долларга етган.