29 март куни ҳукуматнинг «Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга таълим ва тарбия бериш тизимини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори [134-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар даволанаётган давлат тиббиёт муассасаларида «Меҳрли мактаб»нинг филиаллари 2023−2028 йилларда босқичма-босқич, бироқ ҳар йили камида 3 та ҳудудда ташкил этилади.

«Филиалларнинг асосий мақсади даволанишда бўлган болаларнинг ҳаётга ижтимоий мослашувини, уларнинг мактабгача таълим ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида таълимни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш хисобланади», — дейилади қарорда.

«Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси Ҳукумат қарори билан ташкил этилган. Мактаб юридик шахс мақомига эга бўлиб, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилади.

Махсус мактабда қуйидаги мактабгача гуруҳлар фаолият кўрсатиши мумкин:

  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари — стационар даволанаётган, соғлиғи сабабли мактабгача таълим ташкилотларига бора олмайдиган 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган гуруҳлар;
  • илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари — 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун стационар даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган гуруҳлар. Уларда парвариш қилиш ва назорат қилиш ишлари ота-оналарнинг фаол иштирокида ташкил этилади;
  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари.

Даволанаётганларни мактабгача госпитал гуруҳларига қабул қилиш «Меҳрли мактаб» томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар асосида амалга оширилади.

Марказда даволанаётганлар учун алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1−11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади. Дарс машғулотининг давомийлиги бошланғич таълим (мактаб)нинг 1−4 синфларда — 35 дақиқа, 5−11 синфларда — 40 дақиқа бўлади.

Бунда бир кунлик дарс машғулотлари 1−4 синфларда 3 соатдан, 5−11 синфларда 4 соатдан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Ўқув ҳафтаси давомийлиги 5 кунлик асосида олиб борилади.