Ҳукуматнинг 5 майдаги қарори билан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилди.

Мазкур махсус мактабда мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари ҳамда алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1−11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади.

«Меҳрли мактаб» юридик шахс мақомига эга бўлиб, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилади.

Махсус мактабда қуйидаги мактабгача гуруҳлар фаолият кўрсатиши мумкин:

  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари — стационар даволанаётган, соғлиғи сабабли мактабгача таълим ташкилотларига бора олмайдиган 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган гуруҳлар;
  • илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари — 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун стационар даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган гуруҳлар. Уларда парвариш қилиш ва назорат қилиш ишлари ота-оналарнинг фаол иштирокида ташкил этилади;
  • мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари.

Даволанаётганларни мактабгача госпитал гуруҳларига қабул қилиш «Меҳрли мактаб» томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар асосида амалга оширилади.

Марказда даволанаётганлар учун алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1−11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади. Дарс машғулотининг давомийлиги бошланғич таълим (мактаб)нинг 1−4 синфларда — 35 дақиқа, 5−11 синфларда — 40 дақиқа бўлади.

Бунда бир кунлик дарс машғулотлари 1−4 синфларда 3 соатдан, 5−11 синфларда 4 соатдан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Ўқув ҳафтаси давомийлиги 5 кунлик асосида олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилган эди. Унга кўра, онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2022 йилда 125 мдрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди.