Тошкент Фотосуратлар уйида 27 март куни эшитишда нуқсони бўлган ёшлар учун мўлжалланган махсус фотография курси битирувчиларининг кўргазмаси очилди. Кўргазма Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Ҳусниддин Ато томонидан ташкил этилди. Унда фоторассомнинг махсус курсида 1,5 йил мобайнида сабоқ олган ёшларнинг ишлари намойишга қўйилган.

кўргазма, ногиронлиги бор кишилар, тошкент фотосуратлар уйи, эшитишидан нуқсони бор кишилар, ҳусниддин ато

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Кўргазмада сўзга чиққан Бадиий ижодкорлар уюшмаси фоторассомлар шўбаси раиси, таниқли фоторассом Рустам Шарипов бир фотосуратчини тайёрлаш учун университетда камида 4 йил вақт сарфланиши, мазкур курс доирасида эса бу иш 1,5 йилда уддаланганини алоҳида таъкидлади. «Ушбу 9 ҳаваскор ёшларнинг бари фотографияда ўз жанрини топиб олган. Портрет, пейзаж, этюд, стрит-фото йўналишларида яхши асарлар тайёрлаган. Бу ёғига ҳам тўхтаб қолмай, соҳанинг устаси бўлишингиз тарафдориман», — деди у.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Лойиҳа муаллифи Ҳусниддин Ато ҳар қандай инсоннинг, хусусан, эшитишида нуқсони бор кишиларнинг фотографлик қобилиятини юзага чиқариш учун бироз туртки беришнинг ўзи кифоя эканини таъкидлади.

«Шахсий фотокўргазмамда ҳам бунчалик ҳаяжонланмаганман. Сизлар бундан ҳам зўр кўргазма ва асарлар тайёрлашга қодирсиз. Сизга фотография эшиклариини очиб кўрсатдик, холос. Ундан кириш ва шу йўлдан давом этиш сизнинг ихтиёрингизда. Ҳар бирингиз, ҳатто лойиҳада иштирок этмаган ёшларда ҳам яхшигина фотографлик қобилияти бор, уларга салгина туртки кифоя», — деди у.

кўргазма, ногиронлиги бор кишилар, тошкент фотосуратлар уйи, эшитишидан нуқсони бор кишилар, ҳусниддин ато

Ҳусниддин Ато. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Лойиҳа тарихи

Ҳусниддин Ато бундан 10−12 йил аввал эшитишида нуқсони борларнинг турмуш тарзини ёритувчи фотолойиҳа тайёрламоқчи бўлган. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин вақтида эса бу лойиҳани жиддий ўйлаб олиш имкони пайдо бўлган. У эшитишида нуқсони борларнинг ҳаётига кириб боришидан аввал улар билан мулоқотнинг ўзи ҳам бирмунча мураккаблигини, улар бегона одамни қабул қилиши, унга ишониши осон эмаслигини англаб етгач, фотолойиҳа мавзусини айнан эшитишида нуқсони борларнинг ўзини фотографликка тайёрлаш орқали ёритиш яхши ечим деган хулосага келган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Шундан кейин Ҳусниддин Ато Карлар жамияти аъзоси Маъмур Аҳлиддинов билан маслаҳатлашади. У фоторассомнинг ғоясини қўллаб-қувватлайди. Курс ҳақида эълон тайёрланади, Аҳлиддинов бу ҳақида ўз саҳифаларида эълон бериб, эшитишида нуқсони борларга етказади. Хоҳловчилар, ташкилотчилар кутганидек кўп бўлмаса-да, йиғилади — улар ўқувчилар кўпроқ бўлади деб ўйлаб, курс учун ёш чегараси, камера бўлиши кераклиги каби баъзи талабларни қўйган эди.

«Шу билан 2021 йил кузида курсимиз бошланди. Уларнинг таълими бизнинг анъанавий таълимдан фарқ қилгани боис бошида мен кутган натижа бўлмади. Болаларнинг ҳар доим ҳам вақти бўлмасди. Уларда вақт топилганда меники бўлмас, биз келишганимизда таржимоннинг имкони бўлмай қоларди. Кейин уларнинг қизиқиши, иштиёқи ҳар доим ҳам бўлавермади, вазифаларни вақтида бажармади, баъзи нарсаларни қайта-қайта тушунтиришга тўғри келарди. Шундай муаммолар сабаб курс тўхтаб-тўхтаб давом этди», — дейди у.

кўргазма, ногиронлиги бор кишилар, тошкент фотосуратлар уйи, эшитишидан нуқсони бор кишилар, ҳусниддин ато

Ҳусниддин Ато. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ҳусниддин Ато 2022 йилнинг августида АҚШнинг бир грант дастурига ариза топшириб, Давлат департаментининг таълим ҳамда маданият масалалари бўйича «Меридиан» халқаро марказидан кўмак олишга муваффақ бўлади. Шу билан нафақат курсни якунлаш, балки ўқувчиларнинг фотосуратларини чиқариб, кўргазма ташкиллаштириш имкони ҳам туғилади.

кўргазма, ногиронлиги бор кишилар, тошкент фотосуратлар уйи, эшитишидан нуқсони бор кишилар, ҳусниддин ато

Маъмур Аҳлиддинов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Аксар ҳолларда эшитишида нуқсони борларга паст назар билан қараб, фақат оғир меҳнат қилади, завод, фабрика, кўчаларда, автотураргоҳлардагина ишлай олади деб ўйлашади. Бугунги кўргазма эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг ақлий ва ижодий фаолиятларда ҳам ўзини кўрсата олишини исботлади. Аслида уларнинг фотографиядаги иқтидори бошқа одамларникига нисбатан кўпроқдек: эшитиш имконияти чеклангани билан бирор ҳолатни ўзига хос ракурсдан кўриш ва ҳис этиш қобилияти яхшироқ ривожланган», — дейди Маъмур Аҳлиддинов.

У фотокўргазма иштирокчиларининг қобилиятли эканини таъкидлаб, иш берувчиларни улар билан ҳамкорлик қилишга чақирди. «Улар билан мулоқотдан хавотирга тушмаслик керак. Уларга мавзу берсангиз, муаммосиз бажариб келади. Бунга кўргазмада ҳам гувоҳ бўлиш мумкин — ҳар бир картина меҳр билан олинган», — дея қўшимча қилди Аҳлиддинов.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Махсус фотография курсида сурдотаржимонлик қилган Дамира Ғайритдинова машғулотлар мактаблардаги стандарт дарслар каби эмас, балки худди индивидуал ўқув машқлари каби ўтганини алоҳида қайд этиб ўтди.

«Ҳусниддин ака эшитишда нуқсони бор ўқувчиларига нафақат билим, балки юрагининг бир парчасини ҳам берди. Ҳар бир ўқувчига фотографиянинг кичкина деталларигача эринмай тушунтирди, ўргатди. Ўқувчилар эса қийинчиликлар, ўзларидаги қўрқувни енгиб, имкониятларига нисбатан шубҳа билан қарашдан халос бўлишди. Меҳнатлари самарасига бугунги кўргазмада гувоҳ бўлиб турибсиз», — деди у.

Кўргазма қатнашчилари

Муродбек Юсупов Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидан, 20 ёшда. Кўргазмада ҳам Боёвутнинг Навоий маҳалласидаги сўлим жойлар, кўл ва қамишзорларга қилган фотосаёҳатидан намуналар қўйилган. Муродбек эшитиш қобилиятини беш йил аввал, кучли шамоллашдан сўнг йўқотган. Шунга қарамай, мактабни битириб, ҳозир Миллий университетнинг тарих факультетида ўқияпти. «Қишлоқ ҳаёти мен учун доим қизиқ, у ерда ҳақиқий асарлар яратиш мумкин, деб биламан», — дейди у.

Муродбек Юсупов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Муродбекнинг энг катта мақсади — National Geographic билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда Ўзбекистон табиати, одамлари, турмуш тарзини фотосуратлар орқали дунёга кўрсатиш. Шу мақсади йўлида инглиз тилини ҳам пухта ўрганмоқчи. Унинг таъкидлашича, фотографияда эшитиш бўйича тўсиқлар йўқ; у эшита олмаслигидан фақат бир нарсада — бу нуқсони машҳур фотографлар билан оғзаки мулоқот қилишда халал бериши мумкинлигидан афсусланади, холос.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Болалар иштирокидаги суратларни олишни яхши кўришини таъкидлаган тошкентлик Абдураҳим Раззоқовнинг кўргазмага қўйилган ижодий ишларида ҳам қорда ўйнаётган болалар акс этган. Курс ва кўргазма сабаб унинг ўзига бўлган ишончи ошган, профессионал фотографлик билан шуғулланиш истаги пайдо бўлган. Абдураҳим болалигида олган уколлари таъсирида эшитиш қобилиятини йўқотган, ҳозирча ишсиз. Лекин фотографияни ўрганишдан тўхтамоқчи эмас. Суратлари ўхшаш-ўхшамаслигидан қатъи назар, ўзини синаб кўришдан қўрқмайди, унинг учун энг муҳими — тажриба.

Абдураҳим Раззоқов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Менга геометриклик, аниқ шакллар — квадрат, учбурчаклар ёқади», — дейди Шерзод Мадумаров. У бошқа фотографларнинг шундай шакллар акс этган суратларини кузатиб, ўзи ҳам шу йўналишда кучини синаб кўрган. «Ўйлашимча, ўхшади», — деб ишонади у.

Шерзод Мадумаров. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тошкентлик 27 ёшли Павел Гуринов овқатлар (у коллежда ошпазлик йўналиши бўйича ўқиган ва ҳозир ҳам сомсапазлик қилади), одамлар ҳамда табиатни суратга олишни ёқтиради ва энди шу йўналишда профессионал бўлмоқчи. Унинг эшитиш қобилиятида нуқсон борлиги 1 яшарлигида маълум бўлган, бироқ шифокорлар бунинг сабабини аниқлай олмаган. Ихтисослаштирилган боғча ва мактабда ўқиган, у эшитолмаса ҳам, гапиришни ўрганиши учун ота-онаси у билан ҳар куни шуғулланган. Шу боис ҳозир одамлар билан нисбатан осон мулоқот қилади.

Павел Гуринов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Павел Ҳусниддин Атонинг дарслари ҳам фойдали, ҳам қизиқарли бўлганини, унинг иштиёқини кўриб, акаси унга фотоаппарат ҳам берганини маълум қилди. Кўргазмадаги суратларидан бири ҳақида фикр билдираркан, тунда ҳаракатланаётган машиналарнинг ранглар чизаётгандек кўринган суратини олиш қийин бўлгани, аммо иштиёқнинг зўридан буни уддалай олганини таъкидлади. «Ўйлашимча, кўзлаганимдек яхши сурат чиқди», — деган фикрда у.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

22 ёшли Аҳмад Аҳмедов ҳам Тошкентдан, ҳозирда сартарошлик қилади. Фотография — хоббиси, эстетик нарсаларни суратга олишни ёқтиради. Камераси йўқ, телефонда суратга олади. Бир суратида турли тўй ва маросимларда хизмат ҳам қиладиган профессионал раққоса дўстини расмга туширган. Дўстининг бошқалардан ажралиб турувчи жиҳати — у эшита олмайди, лекин эшита оладиганлар билан бирга рақсга тушади. Аҳмаднинг суратида эса репетиция жараёни акс этган — унда ҳамкасб дугоналар бўлажак рақс яхши чиқиши учун қандай ҳаракатлар қилиш кераклигини олдиндан кўрсатишяпти.

Аҳмад Аҳмедов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Пискентдаги кўпкарини томоша қилишга келган ва томоша учун яхшироқ жой излаётган уч авлод вакили — кекса, ўрта ёш ва ёш бола сурати муаллифи — Фарангиз Камолова. У айнан уч авлод маълум бир мувозанатда акс этгани учун ҳам ушбу сурат унинг учун жуда қадрли эканини маълум қилди.

Фарангиз Камолова. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ҳувайдо Ибрагимованинг кўргазма учун танланган суратларининг бирида гўё бир-бири билан мулоқот қилаётгандек ёнма-ён турган отлар тасвирини кўриш мумкин. «Бунгача ҳеч отларни суратга туширмагандим, улар жуда фотобоп бўларкан. Иккинчи суратда эса ўзимизнинг жуда ёрқин ва чиройли атласларимиз, миллий либосларимиз бор. Уни миллийлигимиз ташриф қоғози, деб атаган бўлардим», — дейди у.

Ҳувайдо Ибрагимова. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Намойишга қўйилган ижодий ишлар орасида спорт мавзусидаги суратлар ҳам етарлича. Уларнинг айримлари муаллифи Муҳаммад Усмоновдир. У олган фотоларнинг бирида спортчи болакайга кўрсатма бераётган мураббийни, иккинчисида эса ғалабани нишонлаётган оғир атлетикачи қизни кўриш мумкин. «Қиз боланинг оғир тош кўтарадиган даражада кучли бўла олиши менга кўпроқ қизиқ туюлган», — дейди у суратларининг тарихи ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашаркан.

Муҳаммад Усмонов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Лойиҳа давом этадими?

Ҳусниддин Ато лойиҳани давом эттириш ниятида эканлигини, аммо молиявий қўллаб-қувватловсиз бунинг имкони йўқлигини айтди.

«Мен бепул дарс ўтишим мумкин, лекин таржимоннинг ишига ҳақ тўлаш керак. Илк тажрибамизда фақат дарс жараёни билан кифояланиб қолмай, жуда кўп амалий машғулотларга бордик — бунинг ҳам ўзига яраша харажатлари бор», — деди фоторассом.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ўқувчиларнинг ўзида фототехника йўқлиги сабаб устоз ўз камералари ва объективларини 2−3 та сумкага солиб олиб юришига тўғри келган. Бундан ташқари, фототаҳрир учун ўқувчиларнинг ҳар бирига компьютер ҳам зарур.

«Шуларни ҳисобга олганда, моддий қўллаб-қувватловсиз бу лойиҳани давом эттириб бўлмайди. Агар ҳомийлар топилса, биз бундай ёшларни бутун Ўзбекистон бўйлаб кашф қилишимиз мумкин», — дея қўшимча қилди фоторассом.

Кўргазма 31 мартга қадар давом этади.