Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

  • транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилгани ҳолатини аниқлашда наркотестер махсус мосламасидан фойдаланиш;
  • наркотестер махсус мосламаси ёрдамида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги аниқланган ҳолларда йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар алгоритми.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолда эканини ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганини аниқлаш ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

Текширув олдидан ЙПХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини махсус мослама (алкотестер, наркотестер)нинг ишлаш тартиби билан таништиради, унинг талабига асосан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёхуд биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда, шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган биологик суюқлик (сўлак) наркотестер ёрдамида текширилганда унинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги аниқланган тақдирда, ЙПХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолда эканини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида ҳукуматнинг ЙПХ ходимларининг махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилгани, ҳужжат билан ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканини аниқлашда наркотестер техник воситасидан фойдаланиш йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, ҳужжат 28 майдан кучга киради.