Ҳукуматнинг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат билан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканини аниқлашда наркотестер махсус техник воситасидан фойдаланиш йўлга қўйилади.

Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёки биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик ёхуд психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади.

Наркотестер ёрдамида аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўрилади.

Ҳайдовчи алкотестерда ўтказилган текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ёхуд транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан олинган биологик суюқлик (сўлак) наркотестер ёрдамида текшириб кўрилиб, унинг гиёҳванд модда истеъмол қилганлиги аниқланган ҳолларда ЙПХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг алкоголли ичимликлар, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.

Лойиҳа муҳокамаси 15 декабрга қадар давом этади.