Тошкент шаҳри суди муқаддам 6 ёшли қизга тегажоғлик қилганликда айбдор деб топилган эркакка нисбатан жазони кучайтирди, деб хабар қилди «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси воқеа 2022 йилнинг ёзида юз берганини маълум қилганди. Жабрланувчининг онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва эркак 24 соат ичида кузатув камералари орқали топилган. Психологик экспертиза қизда жинсий зўравонликдан кейинги аломатларга ўхшаш стресс мавжудлигини аниқлаган.

22 декабрь куни эса Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод тумани суди Р.Ш. (1975 йилда туғилган)ни Жиноят кодексининг 25- ва 119-моддалари (Жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят содир этганликда айбдор деб топган. Судланувчи Жиноят кодексининг 25-моддаси 4-қисми, 119-қисми асосида ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганди.

Орадан вақт ўтиб, 2023 йил 9 январь куни Юнусобод тумани прокурори Олимжон Азимов Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанциясига апелляция аризаси юборган.

Кўриб чиқиш натижасида жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 22 декабрдаги Р.Ш.га нисбатан ҳукми бекор қилинди. Фуқаро Р.Ш. Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Nemolchi.uz`нинг ёзишича, Олий суд пленумининг «Зўрлаш ва жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда қондириш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 8-бандига мувофиқ, номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти тегишли жиноят таркибининг объектив томони сифатида назарда тутилган жинсий алоқа ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга қаратилган ҳаракатлар бошланган пайтдан, улар тугатилганидан ва келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар, тамом бўлган ҳисобланади.

Прокурор туман судининг ҳукмини ўзгартириб, қонун талаблари асосида жазо тайинлашни сўради.