Бош прокуратура матбуот хизмати 27 март куни Telegram мессенжерида тарқалган Чорвоқ сув омборидаги сув сатҳининг пасайиши оқибатида юзага чиқиб қолган одам суяклари акс этган видеолавҳа юзасидан «Газета.uz»га муносабат билдирди.

Ҳолат бўйича Бўстонлиқ тумани прокуратураси терговга қадар текширув олиб борган. Аниқланишича, ушбу қирғоқда бундан бир неча йиллар аввал туманнинг «Болодала» МФЙ ҳудудида жойлашган «Безгати боғ» қабристони бўлган. Қишлоқда яшовчи аҳоли шу қабристонга дафн этилган.

Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг кўтарилиши оқибатида маҳалла ҳудудида жойлашган қабристон сув остида қолиб кетган. Ҳозирда сув сатҳи пасайгани сабабли суяклар юзага чиққан.

Таъкидланишича, сув омборида ҳар йилнинг бошида сув сатҳи пасайиши сабабли бундай ҳолатлар кузатилиб туради.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.