Зилзила қачон ва қаерда содир бўлишини ҳозирча олдиндан айтиб бўлмайди. Бироқ сиз унга тайёргарлик кўришингиз мумкин. «Газета.uz» зилзиладан олдин, зилзила вақти ва ундан кейин ўлим ва жароҳатланиш хавфини камайтириш учун мутахассислар нималарни тавсия қилиши ҳақида маълумот беради.

Зилзиладан олдин нима қилиш керак?

Оғир мебель ва маиший техника хавфсизлигини таъминланг. Зилзила пайти катта ва ҳатто оғир жисмлар ҳам қулаши мумкин.

Китоб жавони каби оғир нарсаларни тўшак, диван ва одамлар ўтирадиган, ухлайдиган ва кўп вақт ўтказадиган бошқа жойлардан узоқроққа жойлаштиринг. Катта ва беқарор жисмларни полдан пастроқ жавонларга, лекин қочиш йўлларини тўсиб қўймаслиги учун эшиклардан узоқроққа кўчирган маъқул.

Мутахассислар барча мебелларни, шунингдек, маиший техникани девор ёки полга боғлаб турадиган камар ёки тиргаклар ёрдамида тўғри маҳкамлашни тавсия қилади.

Уйингизда хавфсиз жойларни топинг. Ҳар бир хонада йиқилган нарсалардан ёки қурилиш материалларидан ҳимояланишингиз мумкин бўлган жойни белгиланг. Бу стол ёки каравот ҳам бўлиши мумкин.

«Фавқулодда вазиятлар учун чамадон» йиғинг. Гигиена воситалари, керакли дори-дармонлар, муҳим ҳужжатлар нусхалари ва оз миқдорда нақд пул бўлган кичик сумка тайёрланг. Ҳужжатлар ва пулларни сув ўтказмайдиган сумкаларда сақланг.

зилзила, инструкция

Асосан бундай тўпламлар шахсий эҳтиёжларга мос равишда тайёрланиши мумкин, аммо умумий тавсиялар қуйидагилар:

  • Тез бузилмайдиган овқатлар (консерва, қуритилган мевалар, тузсиз ёнғоқлар). Асосий қоида — чанқатувчи ёки пиширишни талаб қиладиган овқатлар солмаслик;
  • Сув. Бир киши учун кунига камида 3,5 литр сув кетишини ҳисобга олган ҳолда идишли сув сақланг ва камида уч кунга етадиган захира қилиб қўйинг;
  • Фонар ва унинг учун захира батарейкалар. Шунингдек, тўшагингиз ёнида, иш жойингизда ва машинангизда биттадан фонар сақланг;
  • Биринчи тиббий ёрдам тўплами;
  • Чақалоқлар учун ҳўл салфеткалар ва ҳожатхона қоғози каби санитария-гигиена воситалари — тагликлар, бўтқа учун аралашмалалар, сутидиш ва сўрғичлар;
  • Мобил телефон ва захира аккумуляторлар;
  • Вайроналар остида қолиб кетганда, қутқарувчиларга сигнал бериш учун ҳуштак.

Тўпламга киритиш мумкин бўлган қўшимча нарсалар — уй ҳайвонлари учун озиқ-овқат (агар уй ҳайвонларингиз бўлса), сиз яшаётган иқлимга мос кийимлар тўплами, бардошли пойабзал, ухлаш учун сумка ва кўрпа.

Фавқулодда вазиятда қаерда бўлишингизни билмасангиз, уйда, ишда ва машинангизда алоҳида тўпламлар тайёрлаб, сақлаб қўйинг.

Эвакуация режасини ишлаб чиқинг. Тўпламни алоҳида белгиланган жойда сақланг. Оилангиздаги ҳар бир киши фавқулодда вазиятлар тўплами қаерда эканлигини ва фалокат юз берганда кимга қўнғироқ қилиш кераклигини билишига ишонч ҳосил қилинг.

Зилзила пайтида нима қилиш керак?

зилзила, инструкция

Кўпгина ҳолларда — сиз уйда ёки савдо марказида бўласизми, фарқи йўқ — энг самарали тактика: «Эгил. Пана жойга ўт. Жойингда қол». Бунда нима қилиш керак:

1. Қўлларингиз ва тиззангиз билан турган жойингизга эгилинг. Бу ҳолат ҳаётий муҳим органларни учувчи жисмлардан ҳимоя қилади ва силкиниш пайтида мувозанатни сақлашга ёрдам беради;

2. Бир қўлингиз билан бошингизни ва бўйнингизни ёпинг — кафтингизни бўйнингизга, тирсагингизни эса бошингиз орқасига қўйишингиз керак. Бошқа қўл билан сизни яшириб турган жойни (масалан, столни) ушлаб туриш керак. Яшириниш жойи бўлмаса, бошингизни ва бўйнингизни иккала қўлингиз билан ёпинг. Ушбу ҳолатни силкиниш охиригача сақланг.

Агар сиз ногиронлар аравачасидан фойдаланаётган бўлсангиз, ғилдираклар қулфланганлигига ишонч ҳосил қилинг ва силкиниш тўхтагунча ўтирган ҳолатда қолинг.

3. Агар сиз стол остига яширинишга муваффақ бўлсангиз, бир қўлингиз билан унинг оёғидан ушлаб туринг, иккинчиси билан бош ва бўйинингизни ёпишда давом этинг. Пана жой бўлмаса, бошингизни ва бўйнингизни иккала қўлингиз билан ёпинг.

Нима учун қутқарувчилар ва мутахассислар «Эгил. Пана жойга ўт. Жойингда қол» тактикасини тавсия қилишади?

Тебраниш пайтида ҳаракатланишга уриниш сизни хавф остига қўяди: зилзила тўсатдан бошланади ва шу қадар кучли бўлиши мумкинки, силкиниш кучи барибир оёқдан йиқитади. Дарҳол тиззангизга эгилиб, пана жой топган маъқул.

Зилзила пайтида содир бўлган жароҳатлар ва ўлимларни ўрганиш шуни кўрсатадики, қулаган предметлар энг катта хавф туғдиради. Одамларнинг телевизор, лампалар, китоб жавонлари ва бошқа мебелларнинг қулаши оқибатида ҳалок бўлиш эҳтимоли юқорироқ. Пана жой ушбу жароҳатларнинг аксариятидан ҳимоя қилади.

«Эгил. Пана жойга ўт. Жойингда қол»дан асосий мақсад — сизни қулаши ва ҳаракатланиши мумкин бўлган предметлардан ҳимоя қилиш ва агар бино қулаб тушса, жон сақлаш мумкин бўлган ҳолатда қолиш эҳтимолини оширишдир. Парта ёки мустаҳкам стол остидаги бўш пана жой бино қулаб тушса ҳам сақланиб қолиши мумкин — бутун дунё бўйлаб олинган фотосуратларда вайроналар билан ўралган парта ва столларни кўриш мумкин, дея қайд этади Зилзилага қарши кураш бўйича миллатлар альянси.

«Эгил. Пана жойга ўт. Жойингда қол».

Юқори қаватда

  • Деразалардан ва ташқи деворлардан узоқлашинг;
  • Бинода қолинг ва лифтдан фойдаланманг.

Одамлар гавжум жойда, стадионда ёки театрда

  • Чиқиш жойи ёки эшик олдига югурманг — эҳтимол бошқалар ҳам худди шундай фикрлашади. Ўзингиз турган жойда қолиб, пана жойни топиш яхшироқ;
  • Бинодан чиқаётганда, афтершоклар пайтида устингизга ҳеч нарса қуламаслигига ишонч ҳосил қилинг.

Кўчада

  • Электр тармоқлари ва газ қувурларидан узоқроқ туринг;
  • Дарахтлар, телефон устунлари ва бинолардан узоқроқда очиқ жойга ўтинг;
  • Деразалар, фасадлар, балконлар ва биноларнинг бошқа меъморий деталлари одатда биринчи бўлиб қулаб тушади. Бундай хавфли зоналардан узоқроқ туринг.

Ҳаракатланаётган транспорт воситасида

  • Йўлда ёки йўл четида тўхтанг — электр узатиш линиялари, ер ости ёки йўл ўтказгичлардан узоққа ўтинг;
  • Қўл тормозини тортиб қўйинг ва зилзила тўхтагунча кутинг. Машина жуда кўп силкиниши мумкин, аммо у синиқлардан ҳимоя вазифасини бажаради;
  • Агар юқори вольтли электр сими автомобиль устига тушиб қолса, қутқарувчилар келгунига қадар ичкарида қолинг;
  • Ер силкинишлари тўхтаб, сиз яна ҳаракатланишни бошлашингиз мумкин бўлганда, зилзила яратган тўсиқларни диққат билан кузатиб боринг. Булар қаторига йўл қопламасининг синиши, қулаган устунлар ва электр узатиш линиялари симлари, тўғонларнинг вайрон бўлиши, йўл ўтказгичлар ёки кўприкларнинг қулаши киради.

Денгиз қирғоғида

  • Агар кучли зарбалар 20 сония ёки ундан кўпроқ давом этса, дарҳол баландроқ жойга эвакуацияга ўтинг, чунки зилзила цунамига олиб келиши мумкин;
  • Ўзингизни сув тошқини тўлқинларидан ҳимоя қилиш учун қуруқлик бўйлаб 3 км ичкарига ёки денгиз сатҳидан камида 30 метр баландликка кўтарилинг;
  • Тирбандлик ва бошқа хавф-хатарлардан қочиш учун машинага ўтиришдан кўра пиёда ҳаракатланинг.

Зилзила пайтида нима қилмаслик керак?

Ваҳима ичида кўчага ёки бошқа хоналарга югурманг. Агар турган жойингизда қолиб, панароқ жой топсангиз, сизга камроқ зарар етади. Бундан ташқари, силкиниш шунчалик кучли бўлиши мумкинки, ҳатто узоққа югуришга ҳам вақтингиз бўлмайди.

Агар улгурсангиз, силкиниш кучайганидан бир неча сония ичида деразадан, ойнадан, китоб жавонларидан ва қулаши мумкин бўлган бошқа мебелдан / нарсалардан узоқлашинг.

Эшик олдида турманг. Ундан кўра стол ости хавфсизроқ. Замонавий уйларда эшиклар бинонинг бошқа қисмларидан кўра мустаҳкамроқ эмас — улар сизни қулаб тушадиган предметлардан ҳимоя қила олмайди.

Зилзиладан кейин нима қилиш керак?

Ўзингизда ва бошқаларда жароҳатлар бор ёки йўқлигини текширинг. Инфекцион хавфни камайтириш учун кичик яраларни зарарсизлантиринг. Иложи бўлса, атрофдагиларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатинг.

Шиша парчалари ёки қолдиқларнинг ўткир бурчакларидан шикастланмаслик учун мустаҳкам пойабзал ва қўлқоп кийинг.

Газ сизиб чиқмаслигига ишончингиз комил бўлмагунча гугурт, зажигалка, электр жиҳозлари ёки чироқ ўчиргичларидан фойдаланманг.

Оилангиз ва дўстларингизга аҳволингиз яхши эканлигини етказинг. Телефон қўнғироқлари тармоғи банд бўлиши мумкин, шунинг учун иложи борича матнли хабар (SMS)лардан фойдаланинг.

Агар уйингиз шикастланган бўлса ва унда қолиш хавфсиз бўлмаса, уни тарк этинг. Эҳтиёт бўлинг ва йўлда устингизга ҳеч нарса қуламаслигига ишонч ҳосил қилинг.

Афтершокларга тайёр туринг. Кучли зилзиладан кейин тез-тез афтершоклар кузатилди. Улар асосий зилзиладан бир неча дақиқа, кунлар, ҳафталар ва ҳатто ойлар ўтгач содир бўлиши мумкин.

Агар вайроналар остида қолган бўлсангиз, чанг ютмаслик учун оғзингизни, бурнингизни ва кўзингизни кийим билан ёпинг. Қон кетиш ҳолати кузатилса, жароҳатни босишга ва шикастланган тана қисмини кўтаришга ҳаракат қилинг. Бир неча дақиқа фарқи билан хуштак чалган ҳолда ёки деворга ёки металл конструкцияга учта қисқа тақиллатиш ёрдамида сигнал беринг. Қутқарувчилар товушларга қараб йўналиш олишади.