Тошкентнинг Олмазор туманидаги 13 та, шунингдек, пойтахт вилоятининг Тошкент туманидаги 2 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси авария туфайли икки кундан ортиқ вақт давомида электр таъминотисиз қолди.

Туман аҳолисининг «Газетa.uz»га маълум қилишича, электр таъминоти 24 мартга ўтар кечаси узилган. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Олмазор туманидаги юқоридаги маҳаллаларни электр энергияси билан таъминловчи 110/35/10 кВА «Сағбон» юқори вольтли подстанциясида носозлик юзага келган.

26 март куни соат 09:13 да подстанцияда янги, янада кучли қувват трансформатори ишга туширилди, деб хабар қилди туман ҳокимлиги матбуот хизмати. Тушгача Олмазор туманидаги барча маҳаллаларда электр энергиясини босқичма-босқич тиклаш режалаштирилган эди. Тошкент вилоят ҳокимлиги эса соат 15:00 га қадар электр энергияси тўлиқ уланишини маълум қилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари»дан маълум қилинишича, жараён мураккаблиги туфайли иш узоқ давом этган. Ҳодисани бартараф этишга 84 нафар ходим ва 12 бирлик махсус техника жалб қилинган.

олмазор тумани, рэс, электр таъминоти, ҳудудий электр тармоқлари

«РЭС»дан «Газета.uz»га маълум қилинишича, электр таъминотидаги узилиш 17 мингга яқин абонентга таъсир кўрсатган. Компания ноқулайликлар учун узр сўради.

Аҳолининг сўзларига кўра, электр таъминотидаги узилиш туфайли сув таъминоти ҳам тўхтаган. 1055 марказий диспетчерлик хизматининг Telegram-гуруҳида соат 11:26 да Ўрозбоев кўчасида электр таъминоти тиклангани, бироқ ҳозирча совуқ сув йўқлиги маълум қилинди.

Туман аҳолисидан бири «Газетa.uz» билан суҳбатда туман ва шаҳар мутасаддилари аҳолига ноқулайликларни бартараф этишда қулайлик яратиш мақсадида ёрдам кўрсатиши, масалан, зарядловчи қурилмалар бўлган чодирлар ўрнатиши, сув ва озиқ-овқат етказиб беришни ташкил этиши керак эди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йилда Тошкентнинг электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35−110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 3,56 трлн сўм керак бўлади. Yunusobod city, Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда янги подстанциялар қурилади.