Ўзбекистон Бош прокуратураси собиқ Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасида (ҳозирда маданият ва туризм бошқармаси) ўтказилган ўрганишда қонун талаблари бузиб келинганини аниқлади.

Хусусан, Маданият бош бошқармаси томонидан тендер танловлари ўтказилмасдан, фестивал тадбирларини ўтказиш учун турли фирмалар билан 20 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.

Ушбу фестиваллар 2022 йилнинг май-сентябрь ойларида амалда ўтказиб бўлинган бўлса-да, қонун бузилишларни яшириш мақсадида etender.uzex.uz махсус ахборот порталига 24 октябрь ва 3 ноябрь кунлари пойтахтда 5 та фестивал тадбирларини ўтказиш ҳақида номигагина эълон ва ҳужжатлар жойлаштирилган ҳамда шартномалар тузилган.

Ўтказилган фестиваллар доирасида ҳам амалда бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 8 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.

Текшириш натижасига кўра, Тошкент маданият бош бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.