Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази асосий ставканинг 1 фоиз бандга туширилиши макроиқтисодий кўрсаткичларга қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, иқтисодиётнинг жадаллашиши, аҳоли истеъмоли ошиши, кредит ҳажми ўсиши кутилмоқда.

Охирги марта 14 фоизлик ставка 2018 йил бошида ва 2020 йил охирида амал қилган. Бир ярим йил ўтгач, 2022 йил март ойида Марказий банк ставкани бирданига уч фоиз бандга — 17 фоизга оширди. Ўтган йили регулятор ставкани икки марта 16 фоизга, июль ойи охирида эса 15 фоизга туширди.

Ставканинг пасайиши иқтисодий кўрсаткичларни оширади ва иқтисодиётнинг ўсишни рағбатлантиради. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ушбу таъсирларни баҳолади. Таҳлил шуни кўрсатдики, асосий ставканинг 1 фоиз бандга тушиши натижасида базавий сценарийга нисбатан мамлакат ЯИМ 0,55 фоизга кўпаяди.

Бундан ташқари, номинал фоиз ставкасининг тушиши реал фоиз ставкаларни пасайтиради ва аҳоли истеъмолини рағбатлантиради. Марказ тадқиқотининг натижалари шуни кўрсатадики, ставка тушиши аҳолига берилаётган кредитлар миқдорини 2,6 фоизга кўпайтиради. Натижада, базавий сценарийга нисбатан аҳоли ялпи истеъмоли 0,2 фоизга ортади.

Таъкидланишича, Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, асосий ставканинг 1 фоиз бандга ўзгариши кредит ставкаларини ўртача 0,6 фоиз бандга, депозит ставкаларни 0,35 фоиз бандга ўзгартиради.

Шундай қилиб, асосий ставканинг пасайиши тижорат банклари кредит ставкаларини пасайтириб, хусусий инвестицияларни рағбатлантиради. Ҳисоб-китобларга кўра, кредит ставкаларининг пасайиши ялпи инвестициялар ҳажмини 0,68 фоизга кўпайтиради.

Мутахассисларнинг фикрича, асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайиши иқтисодиёт тармоқлари томонидан берилган кредитлар ҳажмини қуйидагича кўпайтиради:

  • қишлоқ хўжалигида 3,6 фоизга;
  • қурилишда 2,8 фоизга;
  • саноатда кредитлар ҳажмини 2,7 фоизга;
  • савдода 1,3 фоизга;
  • транспорт ва коммуникацияда 1,1 фоизга.