Савол: Рўзадор кишининг тоби қочса, унга укол қилиш мумкинми?

Жавоб: Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари танага бир нарса кириши билан рўза бузилади, деганлар. Шунинг учун рўзадор укол олса, рўзаси бузилади.

Агар ўта зарурат бўлмаса, уколни ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олгани маъқул. Лекин рўза тутганида соғлиги ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасининг қазосини Рамазон тугаганидан кейин тутиб беради.

Савол: Рўза пайтида хотин-қизлар атир-упадан фойдаланишлари мумкинми? Ундан фойдаланганида рўза очилиб кетмайдими?

Жавоб: Рўза очилмайди, чунки бу рўзани бузувчи амаллар сирасига кирмайди.

Савол: Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?

Жавоб: Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.

Савол: Таҳорат қилмасдан рўза тутса қабул бўлмайдими?

Жавоб: Аслида рўза тутиш учун таҳорат шарт қилинмайди. Таҳоратсиз ҳам рўза тутса бўлаверади. Лекин таҳоратда бошқача бир барокат бор. Таҳоратли ҳолда қилинган дуолар ижобат бўлишга яқинроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун имкон қадар рўзадор одам таҳоратли бўлиб юришга ҳаракат қилиши керак.

Савол: Рўзадор одам сочини олса бўладими?

Жавоб: Рўзадор вақтида соч олишнинг рўзага, ҳатто таҳоратга ҳам таъсири йўқ. Рўза бирор нарса кириши билан очилади. Сочни калталатса ёки тирноқларни олса, бундай нарсалар билан рўза очилмайди.

Савол: Рўзадор инсон ғарғара қилса бўладими?

Жавоб: Бундан қайтарилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) таҳорат олиш, ғусл қилиш вақтида оғизга, бурунга сувни чуқур олиб, ғарғара қилишга буюрганлар, илло рўза пайтида бундай қилмайсан, деганлар. Демак, рўза пайтида хоҳ ғусл қилинсин, хоҳ таҳорат қилинсин, ғарғара қилиб, муболаға билан чайилмайди. Чунки сувнинг димоғдан ёки томоқдан ичкарига ўтиб кетиш хавфи бор, ўтиб кетса рўза бузилиб қолади.

Савол: Саҳарликка ҳеч нарса емасдан оғиз ёпиш мумкинми?

Жавоб: Мумкин. Саҳарликка ҳеч нарса емасдан ҳам ният қилиб олиб, оғизни ёпиш мумкин. Лекин бу хилофи суннат — суннатга хилоф иш бўлиб қолади. Чунки саҳарлик қилиш, саҳарликда барака борлиги ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Бундай ҳолатда ҳеч бўлмаса бир қултум бўлса ҳам сув ичиб олинса, ҳадисларга, суннатга амал қилинган бўлади.

Савол: Рўзадор инсон сақич чайнаса бўладими?

Жавоб: Рўзадор киши сақич чайнаши макруҳ. Бу ичига сақич кетмаган ҳолатда. Ичга кетса рўза бузилади.

Эътиборли томони фиқҳ китобларимизда айтилган сақичлар ҳозирги замонавий сақичлардан фарқ қилган. Яъни, замонавий сақичларнинг таъми, шираси жуда ўткир. Уларни ютилиб кетиш эҳтимоли ҳам анча юқори. Шу сабабли рўзани бузилишига олиб борадиган ишлардан қочиш керак, жумладан, сақич чайнашдан ҳам. Валлоҳу аълам.

Савол: Рўзадор киши сўлагини ютса бўладими?

Жавоб: Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди. Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади.

Савол: Хонадонда исириқ тутатсак, рўзага зарар етмайдими?

Жавоб: Агар исириқ тутатилиб, унинг тутунини ютсангиз, рўза очилиб кетади. Шунинг учун уни ифтордан кейин тутатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Савол: Рўзадор инсон тиш пастасидан фойдаланса бўладими?

Жавоб: Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди. Фиқҳий китобларимизда бундай дейилган:

«Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор» («Ҳидоя»).

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш афзал саналади.

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман» (Имом Аҳмад ривояти).

Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.

Савол: Жунуб ҳолатда саҳарлик қилса бўладими?

Жавоб: Саҳарлик вақти тугашига оз қолган бўлса, жунуб киши оғзи, бурнини яхшилаб чайиб, саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзага путур етказмайди.

Савол: Рўзадор зонт ютиши мумкинми?

Жавоб: Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда — оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса — бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми (жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: «Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир» («Бадойиъус Санойиъ»).

Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: «Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади» («Баҳрур-роиқ»).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.

Савол: Рўзадор киши кундузи ювиниши мумкинми?

Жавоб: Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиб, албатта, ювиниши шарт ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: „Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас“. Мана шу гап устунроқ, „Муҳити Сарахсий“ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун қаттиқ исиб кетганда ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

Савол: Аввал оғиз очиладими ёки шом намози ўқиладими?

Жавоб: Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар…» (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан. Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла бундай деди: «Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишлидир. Бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

Савол: Рамазон ойида ҳайз кўрган аёл киши қандай йўл тутади?

Жавоб: Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию, намозни қазосини ўқимайди?» деб сўради. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: «Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар.

Ушбу ҳукм фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган: «Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади» («Ҳидоя»).

«Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади» («Ал-Мухтор»).

«Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади» («Умдатур риъоя»).

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлиғига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

Савол: Ҳомиладор ёки эмизиклик аёл рўза тутиши мумкинми?

Жавоб: Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: «Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди. Зеро, „Хулоса“ китобида шундай дейилгандир» («Фатавои ҳиндия»).

Бошқа бир манбада бундай дейилади: «Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган», деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган).

Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган кучли гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. «Фатавои Зоҳирия» китобида шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди" («Баҳрур-роиқ»).

Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар фарзанди ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.