Ўзбекистонда аҳоли яшаш пунктларидан ташқаридаги йўлларда қоидабузарликлар, қидирувдаги машиналарни аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда ёрдам кўрсатишда тезкорликка эришиш мақсадида учувчисиз учадиган аппаратлардан (дронлар) фойдаланиш таклифи киритилмоқда.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 1 октябрга қадар дронлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Шунингдек, таклифга кўра, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш, фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизими доирасидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимининг Ma’muriy amaliyot модулида жамлаб борилади. Модул Мажбурий ижро бюросининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилинган ҳолда фаолият юритади.

Бунда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар E-ma'muriy ish ахборот тизимида ягона хос (уникал) рақам орқали рўйхатга олинади.

Солиқ тўловчиларнинг қарзларини таҳлил қилиш учун тизим Солиқ қўмитаси билан ҳам бирлаштирилади. Шахс ва унинг номидаги транспортнинг давлат рақами, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ФИШ ва ЖШШИР рақами реал вақт режимида солиқ органларига ахборот берилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаси билан ўзаро боғлиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган барча ахборот тизимларини бирлаштириш учун Ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистонга илк бор ноқонуний дрон олиб кирганларни 3 йилгача қамоқ жазоси беришнинг ўрнига маъмурий жавобгарликка тортиш таклиф этилганди.