Ижтимоий тармоқларда Амударё туманида қурилаётган кўприк қулаб тушгани бўйича маълумотлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Амударё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, президент 2020 йил 12−13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғловчи Амударё устига автомобиль ва темир йўл қўшма кўпригини қуриш ишлари бошлаш бўйича топшириқ бериб, қисқа муддатда ишлар бошлаб юборилган. Янги кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, бош лойиҳачи этиб — «Boshtransloyiha» АЖ, бош пудратчи этиб — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг таркибий бўлинмалари белгиланган.

Ҳокимлик хабарига кўра, ушбу кўприкка 14-сонли кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган бўлган. 23 март куни эрталаб ушбу кўприкнинг вақтинчалик таянч иккита балкаси номаълум сабабларга кўра қулаб тушган.

Таъкидланишича, балкалар вақтинча ўрнатилган бўлиб, кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади.

Ҳозирда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳеш ким жабр кўрмаган, дейилади хабарда.